Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида таниқли адиба, мазкур уюшма аъзоси Дилшода Саидолимова таваллудининг 70 йиллигига бағишланган адабий кеча ҳамда “Урушдан қайтмаган болалар” номли китобнинг тақдимоти бўлиб ўтди.
Ёзувчилар уюшмаси раиси ўринбосари, шоир Ғайрат Мажид ва бошқалар адиба Дилшода Саидолимова ижоди хусусида батафсил сўзлади.
– Энг аввало диққатимни тортган жиҳати, ушбу китобнинг номи бўлди, – деди Ғайрат Мажид. – Китобга чиройли ном қўйиш ҳам жуда муҳим. Ушбу китоб ўқувчида урушга болалар ҳам борадими, деган табиий саволни юзага келтиради. Асар тафсилоти шундайки, аслида бефарзанд аёлнинг умр йўлдоши урушга кетганди. Адибанинг ютуғи шундаки, у ҳеч ким илғамаган нарсаларни пайқайди, кўра олади ва ўзининг ғояларини асарга жамлаб, китобхонга етказишга ҳаракат қилади.
[gallery-17957]
– Дилшода жуда камтарин, кўпчиликка қўшилавермайдиган инсон, – деди таниқли ёзувчи Шаҳодат Исахонова. – Ўз хаёллари, ўз ўйлари билан юрадиган, яхши маънодаги дарвеш ижодкор. Унинг ёзганларини ўқиб тафаккури чархланган адиба эканига ишонч ҳосил қилиш мумкин. Ҳар бир ҳикматнинг ўзидан ҳам бир китоб қилса арзийди. Китобда уруш ҳақида гап йўқ. Муштипар аёлнинг орзу-армонлари, изтироблари бор. Лекин ўқувчи кўз ўнгида урушнинг фожиалари, даҳшатлари, жабр-зулмлари тўлиқ намоён бўлади. Қаламкашнинг маҳорати ҳам шунда. Мушфиқ аёлнинг ёстиқдоши урушдан қайтмади, демакки, унинг фарзандлари ҳам урушдан қайтмади! Воқеликка ўзига хос назар ташлаш орқали муаллиф ўқувчиларнинг тафаккурини шу тарзда уйғотмоқчи бўлгани диққатга сазовордир.
– Муаллифда шеъриятдан кўра прозага мойилликни кўпроқ кузатардим, – деди устоз журналист, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Қутлибека Раҳимбоева. – Дилшода дунёга бошқача назар билан қарайди. Ўз ижодидан сира қаноатланмайди. Унинг юраги доим безвота экани ушбу асар орқали ҳам яққол сезилиб туради. Демак, ёзувчининг адабиётга ихлоси чинакам экан.
Инсон ҳаёти давомида гўзаллик, меҳр-муҳаббат, яхшилик излайди. Ва ўз навбатида шу туйғуларни атрофдагилардан излайди. Ҳаёт йўллари эса доим ҳам яхшиликка элтавермайди. Лекин ҳар қандай ҳолатда ҳам болаларча беғуборлик, ҳар кимда ҳам учрамайдиган соддалик, ҳалоллик билан инсон деган юксак номга муносиб қолганлар таҳсинга сазовор бўладилар. “Урушдан қайтмаган болалар” деб номланган янги китоб ҳам мана шундай чин инсонлар ҳақида ҳикоя қилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур китобга Орзиқул Эргаш муҳаррирлик қилган.
Дилшода Саидолимова – Самарқанд фарзанди. У 1952 йилда Оқдарё туманида таваллуд топган. Самарқанд педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаб, қишлоқ мактабида меҳнат фаолиятини бошлаган.
1975 йилдан кейин унинг ҳаёти Тошкент билан боғланди. “Ёш қаламкашлар” тўгараги раҳбари, 1977 йилдан Ғафур Ғулом номидаги нашриётда муҳаррир, 1994 йилда Республика радиосида катта муҳаррир бўлиб ишлаган.
Унинг “Умидим” номли илк шеърий тўплами 1980 йилда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда чоп этилди. 1986 йилдан “Сен менинг қувончимсан” номли ҳикоялар тўплами чиқди. Ижодкор –“Қизлар”, “Кичкина аммам” номли китоблар муаллифи. Кейинги йилларда унинг “Хаёлим гули”, “Урушдан қайтмаган болалар” номли китоблари чиқди.
Адабий анжуманда ёзувчининг изланишлари, ижоди ҳақида батафсил сўз юритилди.
Назокат Усмонова, ЎзА мухбири