Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Урушдан cўнг чўлни ўзлаштиришда қатнашган бахмаллик 101 ёшли Ғиёс бобо йўқлаб борилди
15:14 / 2021-05-08

Жиззах вилояти Бахмал туманининг Данғара қишлоғида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси, 101 ёшли Ғиёс бобо Бекамовга 4-сектор раҳбари ҳамда туман ҳокими иштирокида Президентимизнинг байрам мукофотлари топширилди.

Иккинчи жаҳон уруши бошланиб, кўпчилик қатори Ғиёс Бекамов Саратов шаҳрида озгина муддат бошланғич тайёргарликдан сўнг, Одер дарёси бўйидаги қирғинбарот жангларда иштирок этди. Бир жангда осколка бош терисини ялаб ўтди. Яна бир жангда дайди ўқ икки бармоғини олиб кетди. Ғалабани Германияда кутиб олди.

У урушдан кейинги йилларда ҳам чўлни ўзлаштиришда иштирок этди. Бахмалга қайтиб, қишлоқ хўжалиги соҳасида узоқ йиллар меҳнат қилди.

Туман ҳокими Мусо Анорбоев Президентимизнинг отахонга йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Собиқ жангчи Президент фармонига кўра, 12 миллион сўм пул мукофоти, қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Вилоят давлат солиқ бошқармасининг бошлиғи Бегзод Ташпулатов вилоят ҳокими Эргаш Солиевнинг махсус совғаси – рангли телевизорни тантанали суръатда топширди.

– Машъум урушни унутиб бўлмайди, – дейди отахон. – Урушнинг азоб-уқубатларини биз кўрдик, сизлар асло кўрманг. Қишлоғимиздан фронтга кетган ўттиз йигитдан йигирма нафари қайтмади. Омон қайтганлар ҳам олган жанг асоратлари туфайли узоқ яшамади. Бу бахтли кунларни кўриш мен каби саноқли кексаларга насиб этди. Бизга кўрсатилаётган катта ғамхўрлик, эътибор учун беҳад миннатдорман. Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан уруш фахрийларини қўллаб-қувватлаш кўксимизни тоғ қадар кўтарди. Гап пулда эмас, ушбу фармон мазмун-моҳиятида олам-олам маъно бор, ёш авлодга ибрат, сабоқ бор.

Давр ўтган сари иккинчи жаҳон уруши иштирокчилари сони тобора камайиб бораётир. Айни пайтда вилоятда 14 нафар уруш фахрийси, 3 нафар Ленинград шаҳри қамали ва фашистлар концлегерида бўлганлар истиқомат қилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг «Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида»ги фармони ҳамда «Хотира ва қадрлаш кунига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори асосида уларнинг хонадонларига борилиб, совғалар топширилди.

Т.Бекназаров, ЎзА