Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
УРУШДА ЎТГАН УМРЛАР: "Ота-онам соғинчини қалқон қилиб, жангга киргандим, аммо"
11:34 / 2020-05-06

Иккинчи жаҳон урушига оид фильмларни кўрсангиз, кўз олдимизда қаҳрамонлар жасорати гавдаланади.


Иккинчи жаҳон урушига оид фильмларни кўрсангиз, кўз олдимизда қаҳрамонлар жасорати гавдаланади. Урушнинг машъум, қирғинбарот жанггоҳларда жасорат ва матонат кўрсатган, миллионлаб аскарлар сафида Даврон Норматов ҳам бор эди.

У 1922 йилнинг 15 августида ҳозирги Навоий вилоятининг Навбаҳор туманида таваллуд топди. Оилада ёлғиз фарзанд бўлиб, болалиги очлик ва ночорликда кечди. Даврон айни навқирон ёшида уруш бошланиб, тенгдошлари қатори ҳарбий тайёргарликдан ўтди ва 1942 йилнинг 5 майида 693-полк батальон ўқчиси сифатида жангга кирди. 1943 йилда унинг отаси Нормат Эрназаров ҳам Челябинскдаги ўқ-дори заводига ишга жўнатилди.

"Душман урушга пухта тайёргарлик кўриб киришган. Улар шу даражада шафқатсизлик кўрсатишардики, уларни кўриб қаҳри қаттиқ инсонга айланиб қолганимизни билмай қолардик, - дея хотираларини баён этганди қаҳрамон. - Душман бир қишлоқда ҳамма одамларни отиб ўлдиришиб, катта чуқур қазиб, танк билан босиб ташлашганди. Энг даҳшатлиси, баъзи уйларни вайрон қилиб, маҳаллий аҳолини тириклайин деворга қоқиб кетишганлигига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Бундай ҳолатни кўрганимизда, фашистларга нафратимиз кучайиб, чеки-чегараси бўлмасди. Ҳар бир қарич тупроғимиз учун улардан қасос олишга ҳаракат қилардик. Биз доим ортга йўл йўқ, фақат олға қадам босиш керак, деган шиор билан жанг қилардик.

Ҳеч қачон автомобилларда ҳаракат қилмаганмиз, дарё, тоғу-тошлар, ўрмонлар кечиб жанг қилганмиз. Фронтда немис устида шинель, оёғида эса чарм этик. Бизда қалин пўстин, оёғимизда валенка, бошимизда телпак бўлган. Гитлерчилар кийган кийимлар уларни Россиянинг изғиринли совуғидан сақлай олмасди. Изғирин кунларда қор тагига кириб жон сақлардик. Чанқаганимизда кафтимизда қорни эритиб ичардик, оч қолсак, бир-биримизга бир бурда нонни илинардик.

Урушда одамзод ҳар нарсага чидаркан. Кўчалар бўм-бўш, дўконларда фақат шакар қолган, ноилож телпагимизни шакарга тўлдириб, очликдан шакар ердик. Оч қоринга шакар еган одам қалтирайди, шакар одамнинг кучини олиб қўярди.

Қонли уруш вақтида кўзим илинганида туш кўрганман.Тушимда оппоқ кийинган чол ва кампир менга бир хум сут ва иккита нон берган. Уйғонгач, ўзимни қорни тўқдек ҳис қилиб, гўё кучга тўлгандек жанг майдонига отлангандим. Кейинчалик, уруш тугагунга қадар бир неча бор раҳмоний тушларни кўрдим. 1943 йил разведкада фашистларнинг штаб бошлиғини қўлга туширдим ва “За отвагу” медали билан тақдирлангандим. Кўпч немислар рус тилини билишарди.

Бир куни қизиқ воқеа бўлди. Совет аскари кийимини кийган уч нафар фашист, биз сизларнинг одамингиз, чегарадан ўтказинглар дейишганда, мен душман найрангини пайқаб қолиб, улардан махфий кодни сўрадим. Немис жавоб беролмагач, фашистларга қарата ўқ уздим. Ана шу ҳушёрлигим учун мени иккинчи марта тақдирлашди.

Жангларда уч марта, икки оёғим ва бир қўлимдан яраландим. Ўнг оёғимдан яраланганда, ҳушсиз ҳолда қорда қолиб кетганман. Оёғимдан сизиб чиқаётган қон этигимда музлаб қолган, ёрдамчи кучлар бизни топиб олиб қутқаришган.

Болгариянинг София шаҳри госпиталида ҳаётимни ва оёғимни сақлаб қолишган. Тузалгандан сўнг яна жангга кириб кетдим. Бу шаҳар қалбимдан ўчмас жой олган, шунинг учун қизларимдан бирига шу шаҳар шарафига София деб исм қўйдик. Оғир қонли урушдан сўнг, ниҳоят 1945 йил 9 май куни ғалаба ҳақидаги хушхабар тарқалди. Юрагимиз қувончдан, ҳаяжондан тўлиб тошган, Ватанимиз, уйимизга қайтиш истагидан қувончимиз чексиз эди. Афсуски, урушда навқирон ёшида жувонмарг бўлган кўп дўстларимиз ғалаба кунини кўра олмади. Уларнинг ҳам яшашга ҳаққи бор эди. 1945 йил 25 майда уйга қайтсам, онам вафот этганларига 40 кун бўлган экан. Онамдан жудо бўлгач, бор умидим билан Челябинскдаги ўқ-дори заводига ишга жўнатилган отамни кутдим. Афсуски, 1946 йилда отамнинг вафот этиб, ўша ерда дафн этилганлиги тўғрисида хат келди. Ота-она соғинчини қалқон қилиб, жангга кирсангу, ғалаба қозонганда ота-онангни бой берсанг, оғир ботаркан. Бирортасининг ҳам таъзиясида қатнашолмасанг, фарзанд бўлиб тобутини кўтаролмасанг, алам қиларкан. Бунинг устига, ёлғиз ўғилман, ота-онамдан ёдгорим йўқ. Бу мен учун жуда катта йўқотиш эди...

Урушдан сўнг бобом бир муддат руҳий тушкунликка тушиб икки оёғини босолмай уйдан чиқолмай қолган. Оёққа тургунларича, қўни-қўшнилари ёрдам қилишган. Секин-аста тузалиб фаол ҳаётга қайтди. 1948 йилдан бошлаб колхозда бригадир бўлиб ишлади.

ҲАЁТ ДАВОМ ЭТАДИ

1957 йилнинг ёз фаслида колхоз раиси унинг ҳаёт йўлларини Робия исмли қиз билан боғлаган. Улар беш нафар ўғил ва беш нафар қизни тарбиялаб вояга етказди. Ҳозирда 83 ёшли момом урушга оид ҳужжатларни қаттиқ асраб-авайлаб сақлайди.

У киши Аму-Бухоро каналини қазиш учун 40 кун ҳашарда қатнашган.

“Болаларим, бир қарич ер ҳам бўш турмасин, ундан унумли фойдаланинг. Аслида урушда ана шу замин учун одамлар қурбон бўлганлар”, деган сўзларни у қайта-қайта такрорларди.

Даврон Норматов 2004 йил 15 январь куни 83 ёшида вафот этди.

Нафиса АҲМЕДОВА,
НКМК Ахборот коммуникация
технологиялари бошқармаси
ходими