Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруш ва меҳнат қаҳрамонларига эҳтиром кўрсатилди
18:12 / 2024-05-09

Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва фронт ортида меҳнат қилган инсонларни йўқлаш, уларнинг ҳолидан хабар олиш мақсадида Тошкент вилоятида ҳам учрашувлар ташкил этилмоқда.

Пискент тумани ҳокими Музаффар Арипов Тошкент вилояти прокурори Сирожиддин Эшқувватов ва ҳудуд фаоллари билан бирга Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Анорқул ота Ҳотамов ҳолидан хабар олди.  

Отахон урушда Берлингача бўлган қақшатқич жангларда иштирок этиб, немислар томонидан оқ байроқ кўтарилганига гувоҳ бўлган ватандошларимиздан биридир. Хотира ва қадрлаш кунида Анорқул отага юксак эҳтиром кўрсатилди.

Масъуллар томонидан Президентимизнинг байрам табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, 20 миллион сўм миқдорда бир марталик пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Маълумот ўрнида: 1941-1945-йилларда биргина Пискент туманидан 4 минг 530 нафар навқирон ўғлон жангга отланган. 2 минг 816 нафарига орден ва медаллар билан она юртга қайтиш насиб этган. Афсуски, вақт ўтгани сайин қаҳрамонларимиз сафи йилдан йилга камайиб бормоқда.

Анорқул ота меҳмонларга урушнинг суронли йиллари, тинчликдек улуғ неъматнинг қадри тўғрисида сўзлаб берди.

Маданият бўлими хонандалари ва фаол ёшлар иштирокида фахрийлар хонадонида концерт дастурлари намойиш этилди. Улар меҳмонларга урушнинг суронли йиллари тўғрисида, тинчликдек улуғ неъматнинг қадри ҳақида ҳикоя қилиб бердилар.  

Ўрта Чирчиқ тумани ҳокимлиги, Ўзбекистон маҳаллалар уюшмаси Тошкент вилояти бошқармаси масъуллари Файзобод маҳалласида яшовчи, Иккинчи жаҳон уруши фронт орти қатнашчиси 107 ёшли онахон Саида ая Казакбаева хонадонида бўлди.

Кекса онахон суҳбат давомида Ватан ҳимояси учун кечган жангларда ўзбек ўғлонларининг жасорати, кўрсатган қаҳрамонликлари, юртимизда қолган хотин-қизларнинг фронтга ёрдам беришдаги меҳнатлари ҳақида айтиб ўтди.

Саида ая Казакбаева 1917 йили Ўрта Чирчиқ туманида туғилган. Онахоннинг 6 нафар фарзанди, 52 нафар набираси, 80 нафардан зиёд чевараси ҳамда 25 нафар эвараси  бор.

– Эсимда у пайтлар хотин-қизлар турли жабҳада туну кун меҳнат қиларди, – дейди С.Казакбаева. – Уларнинг кайфиятини кўтариш мақсадида далаларда турли хил куй-қўшиқлар ва лапарлар айтиб берардим. Урушдан сўнг турмуш ўртоғим билан бирга қишлоқ хўжалигида фаолият олиб бордик. Бироқ ёшларимизга у кунларни ҳеч раво кўрмайман. Ҳозирги тинчлигимизга нима етсин. Байрам муносабати билан менга ҳам кўрсатилган эътибордан жуда хурсандман.

А.Мусаев, ЎзА мухбири