Наврўз байрами муносабати билан, қолаверса, “Саховат ойлиги” доирасида Булоқбоши тумани Учтепа маҳалласида истиқомат қилаётган Иккинчи жаҳон уруши иштирокчиси Абдуғани ота Ғаппоров ҳолидан хабар олинди.
Булоқбоши тумани ҳокими Ў.Маъмуров, Андижон вилояти Мудофаа ишлари ҳамда Соғлиқни сақлаш бошқармалари бошлиқлари А.Марипжонов, А.Мирзажонов, жамоатчилик вакиллари, бир гуруҳ ҳарбийлар Абдуғани ота Ғаппоров хонадонида бўлиб, у билан суҳбатда бўлди. Наврўз умумхалқ байрами билан муборакбод этиб, отахонга Ўзбекистон Республикаси Президенти табригини етказди.

Абдуғани ота Ғаппоров Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларида қаҳрамонлик намуналарини кўрсатган мард ва жасур ўзбек йигитларидан биридир.

1924 йилнинг 5 январида таваллуд топган Абдуғани Ғаппоров ўн етти ёшида урушга сафарбар қилинган. Уруш бошланган 1941 йилдан то Ғалабага қадар турли фронтларда немис-фашист босқинчиларига қарши аёвсиз жангларда иштирок этди, қаҳрамонлик намуналарини кўрсатди, қатор орден ва медаллар билан тақдирланди.
Урушдан қайтгач, Абдуғани Ғаппоров халқ хўжалигининг турли соҳаларида сидқидилдан меҳнат қилди, фарзандларини тарбиялаб, қаторга қўшди, эл-юрт орасида ҳурмат-эътибор топди. Бугун ўзининг қутлуғ 100 ёшини қарши олган отахон фарзандлари, набира ва чеваралари, ҳамқишлоқлари, эл-юрт ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Абдуғани ота Ғаппоров ўзига кўрсатилган эътибордан беҳад хурсанд бўлди, Юртбошимизга, барча фаолларга миннатдорчилик билдирди. Бугунги тинч, осойишта ва фаровон кунларимизга шукрона келтириб, дуолар қилди.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат),
ЎзА мухбирлари