Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруш қатнашчиларига Президент табриги, пул мукофоти етказилмоқда
17:39 / 2021-05-05

9 май – Хотира ва қадрлаш куни

Уруш бошланганида Ўзбекистондаги 6 миллион атрофидаги аҳолининг 1 миллион 500 мингдан ортиқроғи немис-фашист босқинчиларига қарши бўлган урушда иштирок этди. Бу мамлакатимиздаги ҳар бир оиланинг камида 1-2 нафардан аъзоси II Жаҳон урушида иштирок этганини англатади.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгандан сўнг, мана ҳар йили Ўзбекистонда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни сифатида кенг нишонланади. Чунки шу куни ўтганлар хотирланади, сафимизда ҳаёт кечираётганлари эса қадрланади, бу кун номланишининг ва нишонланишининг боиси ҳам мана шунда.

Президентимизнинг жорий йил 20 апрелидаги “Иккинчи Жаҳон уруши қатнашчиларини рағбатлантириш тўғрисида”ги фармонига асосан Сирдарё вилоятида истиқомат қилувчи ҳар бир уруш фахрийсига Давлатимиз раҳбарининг табрик, мукофот ва совғалари топширилмоқда.

Мазкур ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар ҳокими, секторлар ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлар иштирокида, шу шаҳарда истиқомат қилувчи, II Жаҳон уруши қатнашчиси 97 ёшли Семенов Алексей Ивановичнинг хонадонида бўлиб, уруш фахрийсининг ҳолидан хабар олинди.

Алексей Семеновнинг айни ёшлик йиллари уруш билан боғлиқ. Уруш тугагандан кейин ҳам 1948 йилгча ҳарбий хизматда бўлди. Демобилизациядан сўнг 1950 йилда Ўзбекистонда электр станциялари қурилиши ишларига юборилди.

А.Семенов 1956 йилда Мирзачўлни ўзлаштириш ишларида фаол иштирок этиб, 1957 йилда Янгиер шаҳрига кўчиб келди ва 1984 йилгача электростанциялари қурилишида фаол қатнашди.

Шу билан бирга Боёвут туманида истиқомат қилувчи Ускан бобо Ходжиманов ва Баҳром бобо Ёмонқуловнинг ҳолидан хабар олинди.

Баҳром бобо Ёмонқулов бугун 9 фарзанднинг отаси, юздан ортиқ невара, эвара, чевараларнинг бобоси.

У Иккинчи Жаҳон урушига 1942 йилда кетиб, 1947 йилгача сапёр бўлиб ҳарбий хизматни ўтаган. Кавказ, Новороссийск, Украинани немис-фашистларидан озод этишда қатнашган. 1948 йилда туғилиб ўсган жойи Боёвутга қайтиб келгач, куч-қувватдан қолгунига қадар пахтачилик бригадаси бошлиғи бўлиб меҳнат қилган.

Ўскан бобо Ходжиманов Жиззах вилояти Зомин туманининг Аччи қишлоғида туғилган. Уруш бошланганда у 16 ёшга ҳам кирмаган ўспирин эди...

– Ўшанда боримизни, ҳатто, дастурхонимиздаги нонимизгача “Ҳамма нарса фронтга!” деб олиб кетишарди, – дея хотирлайди Ўскан бобо Ходжиманов. – Уч жўра: Тошбўл, Қодирберди ва мен, “Бу ерда очликда ўлгандан кўра, фронтга 1-2 та бўлса ҳам немисни ўлдириб, жангда ўлганимиз яхши”, деб 1943 йилда, ёшимиз етмасада, фронтга поездда яширинча кетганмиз. Қозоғистоннинг Семипалатинск деган жойида 3 ой машғулотларда қатнашдик. Бунчалик совуқ жойни мен бошқа кўрмадим. Кечаси кўчада қолиб кетган музлаб, тарашадек қотиб қолиши ҳеч гап эмас эди. 1943 йилда Генерал Рокоссовский қўмондонлигидаги 2-Беларусь фронтида 555-ўқчи полки, 3-рота 1-взводида пулемётчига ўқловчи ёрдамчи бўлиб жангни бошлаганман. Украина, Польшани озод қилишда қатнашдим. 1945 йил Коёнигсбергда ярадор бўлиб, 1 ярим йил Ярославль вилояти Рябинск шаҳридаги госпиталда даволандим. Урушдан кейин ўша ерда ўт ўчириш ҳарбий қисмида хизматга қолдирилиб, 1950 йил уйга қайтгунимча шофёр бўлиб, хизмат қилдим. Уйга қайтгач, Мирзачўлни ўзлаштириш учун Сирдарёга кўчирилдик. 1986 йилгача Боёвутда ҳайдовчилик қилдим.

Отахон бугун 4 ўғил 3 қиз ортидан 50 дан ортиқ невара, эвара ва чеваралар қуршовида умргузаронлик қилмоқда.

[gallery-2287]

А.Қаюмов, Ф.Тошматов(сурат), ЎзА