Наврўз умумхалқ байрами муносабати билан Бухоро шаҳри ҳокими Жамол Носиров кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида шаҳарда истиқомат қилаётган II жаҳон уруши қатнашчиларига Президентимиз табригини етказиш мақсадида уруш фахрийлари хонадонларида бўлди.
Дастлаб ички ишлар органлари фахрийси, истеъфодаги майор Аҳмад Муҳсинов хонадонида бўлиб, отахонни байрам билан табриклади. Самимий тилаклар билдириб, пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғаларни тақдим этди.

Кўксини орден-медаллар безаб турган Аҳмад Муҳсинов навқирон 19 ёшида Бухоро шаҳридан ҳарбий хизматга, аниқроғи фронтга йўл олган эди.
Урушдан сўнг унинг қарийб 20 йиллик фаолияти ички ишлар тизимида кечди. У юрт тинчлиги ва осойишталиги йўлида турли лавозимларда ишлади.

Кейинги манзил Собир Раҳимов маҳалласи, Шофиркон кўчаси 22-уйда истиқомат қилувчи Норбой ота Қаршиев ҳам “Жасорат” медали, Иккинчи даражали Ватан уруши орденлари билан тақдирланган. Уруш йилларида оддий аскар сифатида жанг қилган.
“Ширбудин” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Рейда Ресутова ҳамда А.Ғиждувоний маҳалласида яшовчи Катизе Менсеитовалар ҳам урушнинг оловли йилларидан омон қолган кам сонли ватандошларимиздан. Уларнинг барчаси бугун давлатимизнинг меҳру ардоғида умргузаронлик қилмоқда.

Мутасаддилар томонидан уларга ҳам Президент табриги етказилди. Дуога қўл очилиб, тинч ва фаровон кунларга шукроналар айтилди.
Бухоро тумани ҳокими Анваржон Очилов ҳам II жаҳон уруши қатнашчиси Файзулло Ҳожиев хонадонида бўлди.

Ҳоким уруш фахрийси ҳолидан хабар олди. Файзулло ота билан дилдан суҳбат қурди. Уруш хотиралари ёдга олинди. Бугунги тинч ва осойишта кунларга шукроналар айтилди. Туман ҳокими Президентимизнинг байрам табрикларини ўқиб эшиттирди. Пул мукофотлари ва қимматбаҳо совғаларни топширди.
Бу эътибордан кўнгли тоғдек кўтарилган уруш фахрийси дуога қўл очиб, тинчлигимизга шукрона келтирди. Халқимизга, Президентимизга тинчлик, соғлик саломатлик тилади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири