English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруш даврида тиббиёт: шифокор ва ҳамшираларимизнинг қаҳрамонлиги беқиёс (+видео)
12:36 / 2024-06-12

Бир экспонат тарихи

Уруш қурбонларсиз, ярадорларсиз бўлмайди. Инсоният тарихидаги энг даҳшатли Иккинчи жаҳон урушида 1 ярим миллиондан ортиқ Ўзбекистон фуқароси қатнашган бўлса, уларнинг ярим миллиондан зиёди ҳалок бўлган, 133 минг нафарга яқини бедарак йўқолган. 60 мингдан ортиқ ватандошимиз эса урушдан ногирон бўлиб қайтган.  

Оловли жангоҳларда аёвсиз жанг борар экан, яраланган, жароҳат олганларга тез тиббий ёрдам кўрсатишга доимий эҳтиёж бўлган. Бу жараёнда юртимизнинг кўплаб тиббиёт ходимлари, ҳамширалари қаҳрамонлик кўрсатиб, фронтда ва фронт ортида жангчиларга тиббий ёрдам кўрсатган.  

Пойтахтимиздаги “Шон-шараф” музейида намойиш этилган экспозицияда Ватанимиз тиббиёт вакилларининг уруш майдонларидаги ҳамда фронт ортидаги фидойилиги, қаҳрамонлиги, аскарларнинг оёққа туриши учун қўшган ҳиссаси ўз аксини топган. Бу экспонатларни томоша қилар экансиз, урушнинг нақадар беаёв ва даҳшатли кечганини, ҳеч ким учун осон бўлмаганини яна бир карра ҳис қиласиз.  

Уруш даврида Ўзбекистонда уруш ярадорларига хизмат кўрсатадиган 368 та шифохона бўлган. 1945 йилга келиб улар сони 481 тага етган, 129 та госпитал Ўзбекистонга кўчирилган. Тиббий санитар вагонлардан иборат поездларда яраланган аскарлар юртимизга олиб келинган. 485 мингдан ортиқ яраланганлар Ўзбекистон ҳудудига олиб келинган бўлса, уларнинг қарийб 50 фоизи тузалиб, яна уруш майдонларига қайтган.  

Метин иродали халқимиз жангоҳларда яраланган аскарларнинг соғайиб, оёққа туриши учун ҳам қўлдан келганча кўмаклашишган — 18 минг 500 га яқин ватандошимиз томонидан 13 минг литр донорлик қонлари топширилган.  

Уруш йилларида 200 дан ортиқ жарроҳлик амалиётини амалга оширган малакали жарроҳ врач Муқаддам Ашрапованинг хизматлари алоҳида ўрин тутади. “Шон-шараф” музейи тепасида ўрнатилган “Мангу жасорат” монументида Муқаддам Ашрапованинг ҳайкали ҳам қад ростлаган.  

“Шон-шараф” музейи катта йўриқчиси Сабина Носирова уруш йилларидаги тиббиёт, шифокор ва ҳамшираларимизнинг жасорати ҳақида батафсил сўзлаб берди.  

"YouTube" ижтимоий тармоғидаги саҳифамизда бу ҳақда батафсил танишишингиз мумкин.  

<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/zbj2U9klqfA?si=fVfBSlaiGaaYt1Xl" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Муҳтарама Комилова,  

Ёқуб Мелибоев, Анвар Аҳмедов (видео),  

ЎзА