Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруш қатнашчиси Хўжамқул ота тинч ҳаёт учун доим дуода
16:06 / 2020-05-08

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хўжамқул ота Мадаминов Тошкент вилояти Бўка туманининг “Янгибоғ” маҳалласида истиқомат қилади.

Ғалабанинг 75 йиллигига

Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси Хўжамқул ота Мадаминов Тошкент вилояти Бўка туманининг “Янгибоғ” маҳалласида истиқомат қилади. Орадан 75 йиллик вақт ўтган бўлса-да, отахон урушнинг мудҳиш оқибатларини сира унутмаган. У бугун ҳам шу хотиралар билан яшайди.

Хўжамқул Мадаминов 1942 йили урушга чақирилганда энди 18 ёшга кирган ёшгина йигитча эди. Лекин Ватан учун курашни ўзига шараф, деб билиб жангга кетди. Россия ва Украина ҳудудларида кечган суронли урушларда иштирок этди. Уруш қурбонсиз бўлмайди, деганларидек жангларда ўнлаб сафдошларини йўқотди. Лекин Хўжамқул ота қўрқиш нималигини билмасди. Буйруқ бўлса, эртаси куни ҳам дўстлари билан яна жангга кирарди.

– Шундай кунлардан бирида, яъни 1944 йили оёғимдан яраланиб, госпиталга тушдим, – деди Х.Мадаминов. – Узоқ даволанишга тўғри келди. Тузалгач, яна жангга кирмоқчи эдим, лекин шифокорлар рухсат беришмади. Ортга, яъни жонажон юрти Ўзбекистонга қайтдим. Тезда тинч ҳаётга кўникиб кетдим. Дастлаб Мирзачўлда ерлар ўзлаштирилаётганлиги боис, чўлга кўчиб кетиб, ўша ерга жойлашдик. Сирдарё вилоятининг Гулистон туманига бориб, халқ хўжалигининг турли соҳаларида ишладим. Кейинчалик яна Бўкага қайтдим. Узоқ йиллар жамоа хўжалигида табелчи, бригадир бўлиб меҳнат қилдим. Пахта етиштириш бўйича нафақат хўжаликда, ҳатто туманда биринчилардан бўлиб режаларни бажарганман. Энди эса қарилик гаштини суриб, фарзандлар ардоғидаман.

Тошкент вилояти ҳокимлиги Ахборот хизматига кўра, бугун Хўжамқул ота фарзандлари, невара, чевара ва эваралари қуршовида бахтли ҳаёт кечирмоқда. Турмуш ўртоғи билан 6 нафар фарзандини тарбиялаб вояга етказди. Ота ҳали бардам. Доимо қўли дуода, юртимиз тинчлиги, халқимиз омонлиги ва катта оиласи аъзоларининг саломатлигини Яратгандан сўрашдан чарчамайди.