Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ғурур ва ифтихоримиз асоси
18:53 / 2015-08-03

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор миллий иқтисодиётимизни янада юксалтириш, юрт ободлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Президентимиз Ислом Каримов раҳнамолигида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, соҳа субъектлари фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган алоҳида эътибор миллий иқтисодиётимизни янада юксалтириш, юрт ободлиги ва аҳоли фаровонлигини таъминлашда юксак самаралар бермоқда.

Мамлакатимиздаги бугунги тинч ва осуда ҳаёт, тўкин ва фаровон турмуш ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолгани йўқ. Булар Президентимиз раҳнамолигида инсон манфаатларини кўзлаб амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, хусусан, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган улкан эътибор, бунёдкор халқимизнинг олижаноб мақсадлар йўлидаги интилиш ва изланишлари самарасидир.

Президентимизнинг шу йил 17 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма тўрт йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ “Бетакроримсан, ягонасан, она Ватаним – Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий, тарғибот-ташвиқот тадбирларида аҳоли, айниқса, ёшларга озод ва фаровон ҳаётнинг мазмун-моҳиятини янада теран англатишга алоҳида аҳамият берилаётганида чуқур маъно бор. Бундай улуғвор ишлар самарасини бир пайтлар қолоқ бўлган ва фақат хомашё етказишга ихтисослаштирилган Сурхондарё вилояти иқтисодиётида юз бераётган ўзгариш ва янгиланишлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Азалдан илм-фан, маданият, савдо, деҳқончилик ва чорвачилик, меъморчилик ва ҳунармандлик ривожланган ҳудуд бўлган Сурхон воҳаси маъмурий-буйруқбозлик тизимига асосланган мустабид тузум даврида тараққиётдан ортда қолганди. Ҳудуд иқтисодиётининг асосини пахтачилик ва пахтага дастлабки ишлов бериш ташкил этарди. Машаққатли меҳнат қилган бўлса-да деҳқоннинг ҳам, ишчининг ҳам косаси оқармади.

– Қишлоғимизда ягона бўлган кўримсизгина дўконга қанд-қурс, турли консервалар, музлатилган балиқ каби озиқ-овқат маҳсулотлари ҳам четдан келтирилар эди, – дейди узунлик тадбиркор Қурбон Шукуров. – Бирор ноёб озиқ-овқат маҳсулоти ёки ўзимизда етиштирилган пахта қайта ишланиб, тайёр матоси адашиб келиб қолса борми, навбатда турувчиларнинг охири кўринмасди. Шунда ҳам озиқ-овқат ёки бошқа халқ истеъмоли молларига муддати ўтган сифатсиз товарлар қўшиб сотилар эди. Ҳозир бу гапларни ёш авлодга айтсангиз, ишонмайди. Ахир, бир қишлоқда турли-туман товарлар билан тўлиб турган бир неча дўкон бўлса, қандай ишонсин?!
Ўзбекистон истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ мустабид тузумнинг маъмурий-буйруқбозликка асосланган якка мафкуравий сиёсатидан бутунлай воз кечиб, хусусий мулкчиликка асосланган эркин бозор иқтисодиётини танлади. Давлатимиз раҳбарининг 1991 йил 29 ноябрдаги “Республикада деҳқон (фермер) хўжаликларини янада мустаҳкамлаш ва тадбиркорлик фаолиятини давлат йўли билан қўллаб-қувватлаш тўғрисида”ги фармони бу борада муҳим дастуриламал бўлди.

Мазкур фармон эндигина мустақил бўлган Ўзбекистон иқтисодиётида юзага келган тақчилликларни бартараф этиш, озиқ-овқат маҳсулотлари, халқ истеъмоли моллари ишлаб чиқариш ва аҳолига хизмат кўрсатишни кенгайтириш, бозор иқтисодиётининг хўжалик тармоқларини жадал шакллантириш, деҳқон (фермер) хўжаликларини янада ривожлантириш ва фуқароларни тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб этиш учун қўшимча шароитлар яратишга йўналтирилгани билан муҳим аҳамият касб этди. Фармон асосида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилгани одамларда мдамларда мулкчиликнинг маъмурий-буйруқбозликдан холи ва янги шакли – хусусий секторга ишонч уйғотди. Изланишга, янгилик яратишга, бозорни халқ эҳтиёжи учун зарур озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш ва аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашга ундади.

Узун туманидаги “Меҳрож текстиль” улгуржи савдо-ишлаб чиқариш корхонаси раҳбари Қурбон Шукуров ҳам хусусий бизнесга қаратилаётган эътибордан қувват олиб, тадбиркорликни танлади. Аввалига якка тартибдаги тадбиркорлик билан шуғулланди, аҳолига савдо хизмати кўрсатишни йўлга қўйди. Йирик шаҳарлардаги улгуржи савдо корхоналари билан шартнома тузиб, аҳоли эҳтиёжи учун зарур маҳсулот ва бошқа халқ эҳтиёжи моллари савдоси билан машғул бўлди. Кейинчалик хусусий корхона ташкил этиб, нон ва нон маҳсулотлари ишлаб чиқарди, аҳолига савдо хизмати кўрсатиш кўламини кенгайтирди.

Президентимизнинг 1996 йил 8 августдаги “Текширишларни тартибга солиш ва назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштиришни такомиллаштириш тўғрисида”ги ҳамда 1998 йил 19 ноябрдаги “Хўжалик юритувчи субъектларни текширишни ташкил қилишни тартибга солиш тўғрисида”ги фармонлари, текширишларни рўйхатга олиш китоби жорий этилгани хусусий мулк эгаларининг молия-хўжалик фаолиятига асоссиз аралашувларга барҳам берди. Ўзбекистон Республикасининг “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлари қабул қилиниши билан ўрта синф – мулкдорлар қатламининг ҳақ-ҳуқуқ ва эркинликлари янада мустаҳкамланди.

2011 йилнинг мамлакатимизда Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик йили, деб эълон қилиниши муносабати билан соҳага яна қатор имтиёз ва переференциялар берилди, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотга давлат буюртмаси бериш жорий қилинди. Тадбиркорларнинг қонуний манфаат ва ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, солиқ юкини камайтириш ҳамда молиявий қўллаб-қувватлаш тизими мустаҳкамланди. Бу ёшларнинг соҳага қизиқишини кучайтириб, экспортбоп янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш кўлами кенгайишига хизмат қилмоқда. Тадбиркорларни давлат руйхатидан ўтказиш, божхона тўловлари, молиявий ва статистик ҳисоботларни топшириш босқичма-босқич соддалаштирилаётир.

Соҳага кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик “Меҳрож текстиль” савдо-ишлаб чиқариш корхонасида импорт ўрнини босувчи тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имконини берди. Тижорат банкидан олинган имтиёзли кредит маблағи эвазига замонавий тикувчилик ускуналари билан жиҳозланган мўъжаз корхона барпо этилди. Ҳозир мазкур корхонада ўттиздан ортиқ хотин-қиз меҳнат қилмоқда. Уч гектар майдонда парваришланаётган интенсив боғ тадбиркорнинг қўшимча даромад манбаига айланди.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан кўрсатилаётган бундай ғамхўрлик бир пайтлар саноқли саноат корхонасига эга бўлган воҳани саноати жадал юксалиб бораётган ҳудудга айлантирмоқда. Вилоят иқтисодиёт бош бошқармасидан маълум қилишларича, 1992 йилгача воҳадаги бирорта корхонада қандолат маҳсулотлари тайёрланмаган, эндиликда юзга яқин арзон, сифатли ва бир-биридан мазали маҳсулот ишлаб чиқарилаётир. Озиқ-овқат, енгил саноат, қурилиш материаллари, чарм-пойабзал саноати ривожланмоқда. Хизмат кўрсатиш юксалиб бораётир.

Айни пайтда вилоятда 10 минг 757 кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъекти фаолият юритмоқда. Уларнинг етти юз қирқ олтитаси жорий йилда ташкил этилган. Соҳани молиявий қўллаб-қувватлаш учун 300 миллиард сўмдан ортиқ кредит маблағи ажратилди. Натижада тадбиркорлик субъектлари шу йилнинг олти ойида 766,3 миллиард сўмлик саноат маҳсулоти ишлаб чиқариб, 671,6 миллиард сўмлик қурилиш ишларини бажарди. 506,4 миллиард сўмлик хизматлар кўрсатилди. Чакана савдо айланмаси 2 триллион 107 миллиард сўмни ташкил этди. Вилоят ҳудудий ички маҳсулотида кичик бизнеснинг улуши 62,5, хизматларда 53,6 фоизга етди. Вилоятдаги хусусий корхоналарда ишлаб чиқарилаётган айрим маҳсулотлар ва хизматлар экспорт қилинаётгани ҳам жаҳонда “ўзбек модели” сифатида кенг эътироф этилаётган миллий юксалиш страгегиямиз самарасидир.

– Президентимизнинг шу йил 15 майдаги “Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони барча тадбиркорлар қатори бизга ҳам янги куч бағишлади, – дейди Қурбон ака. – Бундан руҳланиб, келгусида мевани қайта ишлайдиган замонавий корхона бунёд этишга аҳд қилдик. Бу ерда ишлаб чиқариладиган маҳсулотнинг бир қисмини хорижга экспорт қилмоқчимиз. Қишлоғимиз далаларида етиштирилган бири-биридан мазали мевалардан тайёрланган турли маҳсулотлар жаҳон бозорида ҳам мустаҳкам ўрин эгаллашини ўйласам фахр-ифтихордан кўнглим тоғдай кўтарилади. Бизга шундай ғурурни бахш этган истиқлолимиз абадий бўлсин, дейман.