“The Guardian” нашри ёзишича, Уругвайнинг 3,5 миллион фуқаросидан ярми ичимлик сувидан маҳрум. Экспертлар бундай вазият бир неча ой давом этишини тахмин қилмоқда.
Мутасаддилар анча олдин пойтахт Монтевидео атрофидаги метрополияни сув билан таъминлайдиган ягона ҳавза заифлиги туфайли сув инқирози келиб чиқишини башорат қилишганди. Таъминот камайишидан огоҳлантирганлар фикри эътирозга учраб, улар олға сурган ғоялар учун инвестиция киритилиши колдирилганди. Зеро, Лотин Америкаси стандартига кўра, Уругвай юқори даромадли мамлакат саналади ва тарихан мўл сув ресурсларига эга, деб ҳисобланади.
Афсуски, кетма-кет уч йиллик қурғоқчилик сабаб, сув ҳавзаси деярли қуриб бораётганидан сув танқислиги олдини олиш учун масъул давлат сув таъминотчиси (OSE) йил бошидан Рио-де-ла-Плата дарё ирмоғидан шўр сувни ҳавзага аста-секин қўшиб келмоқда.
Май ойи бошида аралашма таркибидаги натрий хлорид Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган максимал даражага етди. Энди эса ушбу миқдор икки баробар кўпайиб, сувга қўланса таъм бермоқда.
Бунинг саломатлик учун зарари эҳтимоли юқори.
Вазиятни назоратга олган ҳукумат қадоқланган сувни солиқдан озод қилди ва 500 000 дан зиёд одамга бепул берилишини эълон қилди.
Метеоролог Марио Бидегаин фикрича, агар сентябрь ойи бошида кутилаётган кучли ёмғир ёғса, ичимлик суви масаласида ижобий ўзгариш рўй беради.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА