Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларининг сифатини баҳолаш бўйича янги, шаффоф ва рақамлаштирилган тизим жорий этилмоқда.
Янги тизимга кўра, барча уруғлик қадоқлари QR-кодли рақамли ёрлиқлар билан таъминланади. Мазкур код орқали истеъмолчилар уруғлик ҳақидаги барча маълумотлар – нав тавсифномаси, навдорлик ва экинбоплик сифатлари, ишлаб чиқарувчи ташкилот ва бошқа техник кўрсаткичлар билан танишиш имкониятига эга бўлади.
Тизим доирасида уруғликларнинг сифатини баҳолаш бўйича “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ягона ваколатли ташкилот сифатида белгиланди. Янги тизим икки босқичли баҳолашни назарда тутади. Биринчи босқичда – уруғликларнинг навдорлик, иккинчи босқичда экинбоплик сифатлари баҳоланади.
Бу фермерлар, деҳқонлар ва томорқа ер эгаларининг сифати кафолатланган ва рақамли ёрлиқланган уруғликларни харид қилишини таъминлайди.
Янги тизим доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи субъектларнинг ягона реестри, шунингдек, уруғлик сифатини баҳолаш натижалари бўйича шакллантирилган рейтинглар agroxizmat.uz расмий веб-сайти орқали омма учун очиқланади.
Ушбу тизим ISTA (International Seed Testing Association) ва OECD (Organisation for Economic Co-operation and Development) каби халқаро ташкилотлар талабларига мувофиқ тарзда ишлаб чиқилади. Шу асосда меъёрий ҳужжатлар ҳам қайта кўриб чиқилади. Янги тизим жорий этилиши билан экспортбоп, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА мухбири