Қишлоқ хўжалигида юқори ҳосил олиш учун энг биринчи қадам — бу сифатли уруғлик танлаш ва уни тўғри баҳолаш ҳисобланади. Сифатли уруғлар соғлом, тез ўсадиган ва юқори ҳосил берадиган ўсимликлар етиштиришга ёрдам беради.
Мамлакатимизда уруғликлар сифатини баҳолашнинг янги тизими жорий этилиши режалаштирилган. Бу тизим орқали ҳар бир уруғлик қадоқлари рақамли QR-кодли ёрлиқлар билан таъминланади.
Бу қанчалик муҳим? "Ўзагроинспекция" ҳузуридаги "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш" давлат муассасаси директори Жаҳонгир Каримов бу ҳақда қуйидагиларни маълум қилди.

—Қишлоқ хўжалиги соҳасини сифатли уруғлар билан таъминлаш долзарб масала, — дейди Жаҳонгир Каримов. — Сифатли уруғ, энг аввало ҳосилдорликни оширади, бунда вақт ва меҳнат тежалади. Ердан самарали фойдаланилади ҳамда касалликлар ва зараркунандалар тарқалишининг олди олинади.
Тақдим этилаётган имкониятлардан бири, деҳқон ва фермер хўжаликлари уруғлик сотиб олганида уруғликлар сифатсиз чиққани исботланса, уруғликни сотган корхона томонидан зарарни қоплаш бўйича мажбурият белгиланди.
Уруғликлар ҳақидаги барча маълумотлар – нав тавсифномаси, навдорлик ва экинбоплик сифатлари, ишлаб чиқарувчи ва уруғлик ҳақидаги зарурий маълумотларни QR-код орқали (смартфон ёрдамида) бир зумда кўриш имконияти пайдо бўлади. Уруғликдан фойдаланувчилар уруғлик харид қилиш вақтида рақамли QR-кодли ёрлиғи мавжудлигини текшириб олиш орқали сифати кафолатланган уруғликка эга бўлади.
Ўзбекистонда янги тизим доирасида уруғликлар сифатини баҳолаш бўйича “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази” ягона ваколатли ташкилот сифатида белгиланади. Янги тизим уруғликларнинг навдорлик сифатларини баҳолаш ҳамда уруғликларнинг экинбоплик сифатларини баҳолаш кабиларни назарда тутади.
Сифатни баҳолашда нима эътиборга олинади?
Энг аввало, нав софлиги – уруғ айнан айтилган навга тегишлими, унинг бошқа навлар билан аралашмагани ўрганиб чиқилади. Чиқувчанлик– уруғ қанча фоиз ҳолатда ўсади? Масалан, 100 та уруғдан 90 таси ўсса, чиқувчанлик 90 фоиз дейилади. Физик тозалик – уруғда чанг, тош, сомон, бошқа ўсимлик уруғлари бор-йўқлиги текширилади.
Намлик даражаси – уруғнинг ичидаги сув миқдори аниқланади. Чунки, ортиқча намлик уруғнинг тез бузилишига сабаб бўлади. Касаллик ва зараркунандалардан холи экани – уруғ соғломми ёки зарарланганми, текширилади. Яшовчанлик– уруғ қанча вақтгача ўлмай туриши мумкинлиги баҳоланади.
Шунингдек, барча деҳқон, фермер хўжаликлари ва томорқа ер эгалари учун маҳаллий ишлаб чиқарувчи ва импорт қилувчи субъектларнинг реестри, уруғликларнинг сифатларини баҳолаш натижалари рейтинги билан agroxizmat.uz (https://agroxizmat.uz/) расмий веб-сайт орқали танишиб бориш имконияти яратилади.
Халқаро тажрибага асосланиб, янги тизим доирасида ISTA ва OECD қоидалари бўйича меъёрий ҳужжатлар мослаштирилади. Натижада, янги тизим жорий этилиши билан экспортбоп, юқори сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришни кўпайтириш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга эришилади.
Муҳайё Тошқораева,
ЎзА