Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Уруғлик ғалла майдонларида апробация кўригини ўтказиш – муҳим масала
15:21 / 2023-05-13

Андижонда уруғлик дон етиштирилаётган ғалла майдонларида дала апробацияси кўригини ўтказиш масалаларига бағишланган республика ўқув-амалий семинари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, “Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси ҳамда Андижон вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Андижон туманидаги Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтида ўтказилган ўқув-амалий семинарда Қорақолпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармалари, ҳудудий “Агроинспекция” бошқармалари раҳбарлари, “Агросаноат мажмуида хизматлар кўрсатиш маркази” ДУК ҳамда “Уруғчиликни ривожлантириш маркази” бошқармалари, Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш марказига қарашли ҳудудий станция ва участкалар, шунингдек, Уруғлик донни қайта ишлаш цехлари  бошлиқлари, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти, унинг ҳудудлардаги илмий-станциялари директорлари, уруғлик дон етиштиришга ихтисослашган хўжаликлар, дон қабул қилиш корхоналари раҳбарлари иштирок этди.  

[gallery-11866]

Ўқув-амалий семинар иштирокчилари дастлаб, Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг тажриба даласида бошоқли ва дуккакли дон экинлари, шунингдек, ноанъанавий экинлар янги навлари, ушбу навларни парваришлаш жараёнлари билан танишди.  

-  Институтимизнинг 175 гектарли дала-тажриба майдонларида 200 дан ортиқ дон ва дуккакли экинларнинг янги навлари жойлаштирилган бўлиб, маҳаллий иқлим шароитида синовдан ўтказилмоқда, - дейди Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институти директори Равшанбек Сиддиқов. -  Бундан ташқари, мутахассисларимиз юздан ортиқ нав ҳолатига келган дурагай популациялар, мингдан зиёд гибридлар устида ҳам илмий-тадқиқот ишлари олиб бормоқда.  

Иштирокчиларга институт олим ва мутахассислари томонидан тажриба дала майдонида янги навларни синовдан ўтказиш, парваришлаш жараёнлари, дала майдонида жорий этилган ёмғирлатиб суғориш технологияси,  умуман, олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари ҳақида кенг маълумотлар берилди.

– Андижонда, институт тажриба-дала майдонида олиб борилаётган ишлар билан танишиб, дон ва дуккакли экинлар парваришига оид кўп нарсаларни ўргандик, ўзаро тажриба алмашдик, – дейди Хоразм вилояти “Агроинспекцияси” Уруғчиликни назорат қилиш бўйича шўъба бошлиғи Хурсандбек Собиров. – Албатта, ўрганганларимизни, илғор тажриба ва иш усулларини келгусида фаолиятимизга татбиқ этиб, самарали натижаларга эришишга ҳаракат қиламиз.  

Қишлоқ хўжалиги вазири Азизбек Воитов ҳамда ўқув-семинар қатнашчилари Дон ва дуккакли экинлар илмий-тадқиқот институтининг Дон саралаш марказида бўлиб, янги дон саралаш ускунасининг очилиш маросимида иштирок этди. Хитой давлатидан келтирилган бир неча блокдан иборат мазкур ускуна бир суткада 30-35 тонна уруғлик донни саралаб, дорилаб бериш имконига эга.  Шундан сўнг уруғлик дон етиштирилаётган ғалла майдонларида дала апробацияси кўригини ўтказиш, жорий йилда етиштирилган ғаллани йиғиб олиш, мазкур йўналишдаги ишларни самарали ташкил этиш масалаларига бағишланган йиғилиш ўтказилди.

Йиғилишда Қишлоқ хўжалиги вазири А. Воитов бу борада амалга оширилиши зарур бўлган вазифалар, белгиланган ишларни самарали ташкил этиш юзасидан топшириқ, таклиф ва тавсиялар берди. Шунингдек, йиғилишда мутахассислар томонидан “Республикада  авлодли уруғликлар жамғариш бўйича 2022 йил якунлари ва келгуси йил  ҳосили учун бошоқли дон экинлари уруғчилиги истиқболлари”, “Республикада экилаётган бошоқли дон экинлари навлари ва уларни  ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб жойлаштириш”, “Бошоқли дон экинларининг селекцияси ва уруғчилигининг келгуси  йиллардаги асосий йўналишлари ҳамда бугунги кундаги илмий-тадқиқот ишларининг олдида турган долзарб вазифалар”, “Янги яратилаётган ва истиқболли ғалла навларини Давлат нав синаш участкаларига топшириш ва  синов ўтказиш тартиблари”, “Уруғлик ғалла майдонларида дала апробация кўригини ўтказиш тартиби”, “Дала апробация кўригида назорат тизимини ўрнатиш”, “Уруғлик донни қабул қилишдаги асосий сифат кўрсаткичлари ҳамда уруғликни саралаш ва дорилаш жараёнлари”, “Уруғлик ғалла  майдонларнинг навдорлик даражасини баҳолаш ҳамда тайёрланган  (қайта ишланган) уруғлик маҳсулотларни сертификатлаш” мавзуларида маърузалар ўқилди.  

Маърузалар бўйича музокараларда сўз олганлар томонидан маърузалар ҳамда мазкур йўналишдаги ишлар сифати ва самарадорлигини ошириш юзасидан таклиф, фикр ва мулоҳазалар билдирилди.  

 

Ф. УБАЙДУЛЛАЕВ,

З. УМРЗОҚОВ (фото),

ЎзА