“Ўзбекипаксаноат” уюшмаси раиси в.б. Икром Сайфуллаев бошчилигидаги делегация аъзолари Хитой Халқ Республикасида хизмат сафарида бўлиб қайтди.
Сафар давомида Хитойдаги энг нуфузли муассасалардан бири "Chongqing Sericulture Science and Technology Research" институти вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Маълумотларга кўра, мазкур институт Хитойда тут ва ипак қурти соҳасидаги энг йирик илмий марказлардан бири бўлиб, уруғчиликда генетик ресурсларни сақлаш, илмий тадқиқотлар, селекция, технология янгиликлари ва кадрлар тайёрлаш борасида катта тажрибага эга.
Институт 200 дан ортиқ навдаги ипак қурти ва 300 дан ортиқ тут навларини сақлайди ҳамда ҳар йили юз минглаб юқори сифатли уруғ ишлаб чиқаради. Шунингдек, у ерда замонавий ускуналар ва инновацион услублардан фойдаланган ҳолда уруғ етиштириш жараёнлари автоматлаштирилган.
Учрашув давомида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, хусусан 2026 йил мавсуми учун Ўзбекистон иқлимига мос, касалликларга чидамли, юқори ҳосилдор ипак қурти уруғларини етиштириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Шу билан бирга, Ўзбекистонда мазкур институт тажрибасидан келиб чиқиб селекция ишлари ва технологик ечимларни жорий этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Гулноза Бобоева, ЎзА