Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга расмий ташрифи доирасида қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов ушбу мамлакатда бўлиб, Туркиянинг йирик ва таниқли аграр соҳа ташкилотлари раҳбарлари билан учрашувлар ўтказмоқда.
Шундай учрашувларнинг бири Туркия Уруғчилик ассоциацияси раҳбарияти билан бўлди, дейилади Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотида.
Учрашув аввалида Туркия Уруғчилик ассоциацияси раҳбарияти Иброҳим Абдураҳмоновга миннатдорлик билдириб, уруғчилик борасида ҳамкорлик алоқалари кенгайиб бораётганини мамнуният билан эътироф этди.
Ўз навбатида юртимизда уруғчилик тизимини тубдан ўзгартириш борасида бир қатор амалий ишлар олиб борилаётганлиги, бунинг ифодаси ўлароқ янги қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани ҳақида Иброҳим Абдураҳмонов ҳам маълумот бериб ўтди. Бундан ташқари, вазир Туркия ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш агентлиги (ТИКА) билан уруғчилик йўналишида ҳамкорлик лойиҳалари ишлаб чиқилганлиги ва уни йўлга қўйиш учун ишчи гуруҳ шакллантириш борасида амалий ишлар олиб борилаётганлиги, бу борада ёрдамга тайёр эканлигини таъкидлаб ўтди, дейилади маълумотда.
Учрашувда Туркия Уруғчилик ассоциацияси раҳбарияти Ўзбекистон билан нафақат уруғлик чигит, балки мева-сабзавот уруғларини етиштириш борасида ҳам ҳамкорликка тайёр эканликларини билдирди.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА