Уруғчилик соҳасида мутахассислар Нидерландияда малака оширади
Уруғчиликни ривожлантириш марказида Нидерландиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, Нидерландия "Плантум" уруғчилик компаниялари уюшмасининг мутахассислари ҳамда Ўзбекистоннинг Нидерландиядаги элчихонаси вакили Бобур Расулов иштирокида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов марказ фаолияти билан қатнашчиларни таништирди ва иқлим шароитларини инобатга олган ҳолда Ўзбекистонда уруғчиликни ривожлантириш бўйича таклифларни билдирди.

Шунингдек, шу йил ноябрь ойида Нидерландиянинг сабзавотчилик йўналишидаги илғор тажрибаларни ўрганиш мақсадида, тизимдаги ҳудудий бошқармалар мутахассисларини Нидерландиядаги етакчи уруғчилик компанияларида малака оширишларига келишиб олинди.

Учрашув якунида томонлар ўқув режасини ишлаб чиқиш, илмий ҳамкорликни кенгайтириш ва уруғчилик соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувларга эришди.

Гулноза Бобоева, ЎзА