Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Европа Иттифоқига газ етказиб бериш билан боғлиқ энг ёмон вазиятга тайёр бўлиш кераклиги ҳақида баёнот берди.
Ушбу ахборот Испаниянинг “El Mundo” газетасида чоп этилган.
- Биз бирга бўлишимиз керак. Россия ЕИга аъзо 12 давлатга газ етказиб беришни қисман бекор қилиш ёки тўлиқ тўхтатишини ҳисобга олсак, барчамизни энг оғир ҳолат кутаётганини англаш мумкин, деган мулозим.
Фон дер Ляйеннинг таъкидлашича, ЕИнинг баъзи давлатлари “ё географик жойлашуви ёки суверен энергетика қарори туфайли” Россия газига кўпроқ боғлиқ.
- Мазкур мамлакатлар энди заиф ҳолатга тушиб қолди. Бу давлатларнинг ҳар биридаги таъминот муаммоси бутун Европа учун зарба. Иқтисодиёт ягона бозор орқали бир-бирига чамбарчас боғланган, - деди ЕК раҳбари. - Биз АҚШдан суюлтирилган газ олиш бўйича рекорд даражага эришдик. Норвегия, Форс кўрфази мамлакатлари, Жазоир ва Каспий денгизи минтақасидан келаётган газ ҳажмини оширдик.