Қурилиш соҳасида қонун бузилишига йўл қўйган 318 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилди
Бош прокуратурадан маълум қилишларича, қурилиш соҳасида 2017 йилдан 2019 йилнинг 9 ойи давомида бюджет маблағларини талон-торож қилганлик, порахўрлик ва бошқа салбий ҳолатлар бўйича 250 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу ҳолатларга йўл қўйган 318 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Бош прокуратурадан маълум қилишларича, қурилиш соҳасида 2017 йилдан 2019 йилнинг 9 ойи давомида бюджет маблағларини талон-торож қилганлик, порахўрлик ва бошқа салбий ҳолатлар бўйича 250 дан ортиқ жиноят ишлари қўзғатилган. Ушбу ҳолатларга йўл қўйган 318 нафар шахс жиноий жавобгарликка тортилган.
Мисол учун, Андижон вилояти прокуратураси томонидан “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ Андижон филиали бўлими етакчи мутахассиси М.Т. намунавий турар-жойлар қурилишида 13 та пудратчи корхона томонидан амалда бажарилмаган 365,8 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажарилганлиги тўғрисида қалбаки ҳужжатларни расмийлаштириши натижасида фуқароларнинг манфаатларига жуда кўп миқдорда зарар етказилганлиги аниқланган.
Шунингдек, Жиззах вилояти прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда вилоят молия бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ш.К. “Д.” МЧЖ томонидан Пахтакор туманидаги МТМда назорат ўлчови якуни бўйича аниқланган 36,8 миллион сўмлик камомадни яшириш эвазига пора тариқасида олган 1,2 минг АҚШ доллари ва 4 миллион сўм миқдоридаги пул маблағларидан 1,5 миллион сўмини қайтариб бераётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.
Ушбу ҳолатлар бўйича жиноят ишлари қўзғатилиб, айбланувчиларга нисбатан суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланган.
Президентимизнинг 2019 йил 27 майдаги “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида прокуратура органлари томонидан назорат тадбирлари давомида коррупцион жиноятни содир этган шахсларга нисбатан жазо муқаррарлигини таъминлаш ва бундай жиноятларнинг салбий оқибатларини тўлиқ бартараф этишга қаратилган ишлар давом эттирилмоқда.
Юқоридаги каби капитал қурилиш соҳасида коррупция кўринишларининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, бу турдаги жиноятларни барвақт олдини олиш бўйича тегишли идоралар билан ҳамкорликда тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни инвентаризация қилиш ва уларда коррупцияга оид ҳолатларни келтириб чиқарувчи нормаларни аниқлаш мақсадида коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ишлари ҳам олиб борилмоқда.