Иқтисодиёт ривожланиши ва аҳоли фаровонлигини таъминлашнинг энг бирламчи омили бу ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий салоҳияти ва ундан самарали фойдаланиш билан бевосита боғлиқ. Ҳозирги даврда чуқур ислоҳотлар фонида Ургут туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожланиши қай аҳволда? Ургут туманида соҳалар бўйича ривожланиш бўляптими? Аҳолининг доимий даромад манбаига эга бўлиши учун янги иш ўринлари яратиш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, мавжудларини кенгайтириш орқали қўшимча қиймат яратиш ишлари талаб даражасидами? Шу каби саволларга бугун Ургут туманида вилоят ҳокими раҳбарлигида ўтказилган муҳокамада жавоб изланди.

Эркинжон Турдимов Ургут туманида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, уларга кўмаклашиш борасида масъулларнинг фаолиятини аниқ мисоллар асосида таҳлил қилиб, уларнинг фаолиятини қониқарсиз деб баҳолади. Ҳар бир комплекс раҳбари, яъни ҳоким ўринбосарларининг туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг жорий ҳолатини таҳлил қилган ҳолда ишлаб чиққан, истиқболга йўналтирилган мақсадли лойиҳалари бирма-бир муҳокама қилинди.
Муҳокамаларда вилоят корхона ва ташкилотлари раҳбарлари қатнашиб, ўз фикрларини билдиришди.
Эркинжон Турдимов аниқ рақамларда туманнинг реал иқтисодий салоҳияти ҳамда аҳоли турмуш даражаси ва даромадларини таҳлил қилган ҳолда вилоят ишчи гуруҳи туман масъуллари билан ҳамкорликда ишлаб чиққан умумий қиймати 2,7 триллион сўмлик 455 та лойиҳа Ургут тумани салоҳиятига, уни янада ривожлантириш учун етарли эмас деб баҳолади.
Масъуллар томонидан янги ғоя ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда лойиҳалар тайёрлаш зарурлиги, бунда илғор хорижий тажрибаларни инобатга олиш, энергия тежовчи технологиялар ва қайта тикланувчи энергия манбаларини кенг жорий этиш масаларига алоҳида эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди.
Жорий йилда туманда қуввати 10,1 мегаватт бўлган замонавий қуёш фотоэлектрик станциялари ва қуёш сув иситкичлари ўрнатилиши ҳолати ҳам муҳокама марказида бўлди. Олиб борилаётган ишларни янада жонлантириш, туманда қуёш фотоэлектрик станциялари қурилмаларини ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш борасида вазифалар белгиланди.
Вилоят ҳокими сектор раҳбарлари, солиқ идоралари ходимлари ва ҳоким ёрдамчиларининг ҳисоботларини эшитди. Аниқ вазифалар белгиланиб, уларнинг ижроси ҳар ойда камида икки маротаба вилоят ҳокими раҳбарлигида муҳокама қилиниши қайд этилди.
Ғ. Ҳасанов, ЎзА