Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ургутликларнинг кайфияти аъло
14:40 / 2022-01-15

Инсонни ҳаёт тарбиялайди, деганлари бежиз эмас экан-да.

Ёшинг улғайгани сари, турмушнинг паст-баландини кўравериб, кўп нарсани қиёслаш, қайси ишнинг оқибати нима бўлишини англаб бораверар экансан. 

Балки шундан ёши улуғ инсонлар ёшларга насиҳат қилиш, йўл кўрсатишга мойил бўлиб қолишар, ҳаёт мактаби сабоқларини уларга айтишга интилишар. Бугун биз ҳам нуронийлар сафида юриб, ҳаёт ҳикматлари мағзини чақиб, ўз умр йўлимиз мисолида ёшларга нимадир ўргатишга, гапиришга маънан ҳақли деб биламиз ўзимизни. Ёшимиз етишдан ошди. Жонажон Ватанимизнинг жаннатмонанд Ургутида туғилиб, ўсдик. Бутун умр шу ерда меҳнат қилдик, тумандаги бунёдкорлик ишларига гувоҳ бўлдик. Бу ишларга, имкон қадар, ҳисса қўшишга ҳаракат қилдик. Яхши кунда ҳам, синовли дамларда ҳам ҳамма вақт туманимиз аҳли билан биргамиз. Ана шу умр сабоқларидан келиб чиқиб, айтишимиз мумкинки, қайсики юртга раҳбарларнинг меҳри тушса, қадами тегиб турса, шу ҳудуд албатта, ривож топади, обод бўлади.  
Ургут ана шундай табаррук маскан. Ўз вақтида кўплаб улуғ аждодларимиз, азиз авлиёлар макон тутган бу заминни. Амир Темур бобомизнинг излари бор Ургутда. Кейинчалик ҳам кўплаб давлат арбоблари, эл назаридаги инсонларнинг қадами узилмаган бу ерлардан. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ҳам Самарқанд вилоятига ҳоким бўлиб ишлаган чоғларида ҳам, сўнгра мамлакат ҳукуматини бошқарганида ҳам Ургутга тез-тез келар, халқнинг ҳаёти, кайфияти билан қизиқар, ҳудуднинг имконият ва салоҳиятидан самарали фойдаланишга даъват этарди. Ана шу ташрифларнинг ҳеч бири изсиз кетмаган, ҳар бир сафардан сўнг туманимиз ҳаётида яхши янгиликлар, ўзгаришлар рўй берарди. Бунга кўпчилик гувоҳ.  


2016 йил 5 октябрь куни Шавкат Мирзиёев, ҳали Президент вазифасини бажариб турган пайтда Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида Ургут туманида ҳам бўлди. Ўша вақтда мавжуд саноат зонасини бориб кўриб, туманимиз тадбиркорларининг фаолияти билан танишди. Ўша куни туман ҳокимлигида вилоят фаоллари билан йиғилиш ўтказилди ва унда Самарқандда, жумладан, Ургутда амалга ошириладиган ишлар муҳокама этилди. Ушбу йиғилишда давлатимиз раҳбари Ургутда тадбиркорликни ривожлантириш учун кенг имконият ва шарт-шароит яратилиши, ҳудудда тўпланиб қолган кўплаб ижтимоий муаммоларга ечим топилишини таъкидлаган эди. Жумладан, туманда таълим сифатини ошириш, педагог кадрлаш тайёрлаш, тиббий хизмат кўрсатишни ривожлантириш, йўл инфратузилмаси, аҳолини уй-жой билан таъминлаш масалалари қайд этилди. Орадан кўп ўтмади, 2017 йилнинг январь ойида Президент фармони билан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ташкил этилди. Тоғ ва тоғолди ҳудудлардаги фойдланилмаётган бир неча минг гектар ерда боғдорчиликни йўлга қўйиш бўйича лойиҳалар амалга оширилди.

 Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга кейинги ҳар бир ташрифларида ҳам Ургут бўйича нимадир янги ташаббус ўртага ташланди, аҳоли ҳаётини яхшилаш учун дастурлар белгиланди. Мерганча массивида замонавий кўп-қаватли уйлар қурилиши бошланди, мазкур ҳудуд ва туман марказининг оқова тармоғи яратилди. Орадан кўп ўтмади, тўрт-беш йилнинг ичида Мерганча кўркам шаҳарча қиёфасига кирди. Ҳозир бу ерда “Янги Ўзбекистон” массиви қурилишига киришилди. Сариқтепадаги яйдоқ даштда бугун ўнлаб саноат корхоналари ишга тушди, минглаб янги иш ўринлари яратилди. Бу яқин йиллардаги гаплар. Энди шу куннинг гапига тўхталсак.  
2021 йилнинг 15 апрель куни ҳурматли Президентимиз Самарқандга келди. Ташриф дастуридан “Ургут” эркин иқтисодий зонаси фаолияти билан танишиш ҳам ўрин олган эди. Давлат раҳбарининг яна туманимизга келишини эшитиб, бутун ургутликлар хурсандмиз. Чунки, биламиз, юрт раҳбарининг ҳар бир ташрифи хосиятли, баракали бўлган. Шавкат Миромонович куннинг иккинчи ярмида Ургутга келди. Иқтисодий зонадаги корхоналарнинг бирида туманимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси ташкил этилди. Давлатимиз раҳбари ҳар бир тадбиркор билан суҳбатлашди, уларнинг фикрларини эшитди, муаммоларга шу ернинг ўзида ечим топилди ёки мутасаддиларга зарур топшириқлар берилди. 
Президентимиз шу ерда биз каби бир гуруҳ фахрийлар билан суҳбатлашди. Давлатимиз раҳбарининг дастлабки саволи шундай бўлди

– “Ургутликларнинг кайфияти қандай?”. Ўрганиб қолганмиз, у киши ҳар гал Ургутга келганида раҳбарларга, оқсоқолларга шундай савол беради. Бир гал буни изоҳлаб “Ҳамма режа ва мақсадларимизнинг амалга ошиши аввало одамлар кайфиятига боғлиқ. Иқтисодий имкониятимиз етарли бўлиши мумкин, лекин одамларда уйғоқ руҳ, бугундан шукрона, эртанги кунга умид бўлмаса, барча ҳаракатларимиз зое кетади”, деган эди. Давлатимиз раҳбарига ургутликларнинг кайфияти жуда юқори экани, Янги Ўзбекистонни барпо этиш борасида олиб борилаётган ислоҳотлардан хурсандлиги ва бунга ҳисса қўшаётганини айтдик. Шавкат Миромонович эса бу ишлар бундан буён яна ҳам кенг кўламда давом этиши, ургутликлар ҳаётини яхшилаш учун кўп режалар борлигини таъкидлади. 
16 апрель куни давлатимиз раҳбари вилоят фаоллари иштирокида йиғилиш ўтказди. Ушбу мажлисда ҳам вилоятда ислоҳотларни жадаллаштириш билан боғлиқ кўп ташаббуслар билдирилди, яқин йилларга мўлжалланган режалар ҳақида сўз юритилди. Жумладан, биз кутганимиздек, Ургут бўйича ҳам янги гаплар айтилди. Аввало туманимизни тўлиқ эркин иқтисодий зонага айлантириш, вилоятнинг барча ҳудудларида ушбу иқтисодий зонанинг филиалларини ташкил этишга кўрсатма берилди. “Ургут” эркин иқтисодий зонаси негизида холдинг компания тузиладиган бўлди. Туманимиз аҳлини қувонтирган яна бир ташаббус Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали ташкил этилиши билан боғлиқ эди.

 Сабаби 530 мингга яқин аҳоли истиқомат қиладиган туманимизда таълим, тиббиёт ва бошқа соҳаларда кадрлар етишмовчилиги кузатилади. Ушбу муаммони ҳал этиш учун туманимизда олий ўқув юрти филиалини очиш, кадрларни шу ерда тайёрлашга эҳтиёж ошиб бораётган эди. Бу ҳақда бир неча йилдан буён катта-кичик йиғинларда айтилса-да, амалга ошиши қийин кечаётганди. Президентимизнинг 13 январь куни имзоланган “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори билан бир неча йиллик орзуларимиз рўёбга чиқадиган бўлди. 

Аввало, қадрдон университетимизга атоқли давлат ва жамоат арбоби Шароф Рашидов номи берилгани жуда адолатли қарор бўлди.  
Давлатимиз раҳбари шу йилнинг сентябрь ойида самарқандлик сайловчилар билан учрашувда бу ташаббусни илгари сурганидаёқ вилоятимиз аҳли буни қўллаб-қувватлаган эди. Чунки, Шароф Рашидов ўз вақтида бутун мамлакатимиз учун, хусусан, Самарқанд учун жуда кўп хизмат қилган, бу заминга ўзгача ҳурмат, эҳтиром билан қараган. Қарор билан туманимизда Самарқанд давлат университетининг педагогика, ахборот технологиялари ва ҳудудда кадрларга эҳтиёж юқори бўлган бошқа соҳаларда кадрлар тайёрловчи филиали фаолияти йўлга қўйилади. Филиалга туманимизнинг Вагашти маҳалласида жойлашган Ургут иқтисодиёт ва сервис касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари берилади. 

Бу бинони вилоятимиз ва туманимиз раҳбарлари, Самарқанд давлат университети ректори ва бошқа масъуллар келиб кўриб, ушбу муассасада филиал учун энг қулай маскан, деб баҳо беришганди. Бизни хурсанд қилган яна бир жиҳат шу бўлдики, филиал фақат кадрлар тайёрлаш билан чекланмай, тумандаги умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларига илмий-услубий ёрдам кўрсатиб боришининг белгилангани бўлди.  
Ургутда олий таълим муассаса филиалининг ташкил этилиши, албатта, кадрлар билан боғлиқ муаммога ечим бўлади. Шу билан бирга ҳудудда илм-фаннинг ривожланиши, маърифатга эътиборининг кучайишига туртки беради. Бугун ургутликларнинг кайфияти ҳар қачонгидан ҳам аъло. Аввало, барчамиз 2022 йилнинг “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили” деб эълон қилинганидан ва кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган янги Ўзбекистонинг Тараққиёт стратегияси лойиҳаси жуда инсонпарвар ва халқчил ишлаб чиқилганидан хурсандмиз. Қолаверса, йилнинг дастлабки кунлариданоқ туманимизда илм-маърифат ривожи учун улкан қадам ташланганидан бошимиз кўкка етди. 

Фармон АЗИЗОВ,  
Қуддус АСҚАРОВ,  
Ўткир ТЎЛАЕВ меҳнат фахрийлари
ЎзА