Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ургутлик ёшларнинг қандай муаммолари бор?
16:43 / 2023-10-05

Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи А.Аҳмедов ургутлик ёшлар билан учрашди.

Ургут тумани Самарқанд вилоятининг аҳолиси энг кўп ҳудудларидан биридир. Аҳоли орасида ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Албатта, уларнинг мурожаат ва масалалари ҳам кам эмас. Шунинг учун ДХХ вилоят бошқармаси раҳбари бундан беш ой олдин туманнинг чегараолди ҳудудидаги маҳаллалар ёшлари билан учрашиб, уларнинг орзу ва мақсадлари, муаммо ва масалаларини эшитган эди.

Бу галги раҳбар ва ёшлар учрашувида Ургутнинг бошқа ҳудудларида истиқомат қилаётган, шунингдек, хориждаги йигит-қизлар иштирок этди.

А.Аҳмедов дастлаб мамлакатимизнинг ёшларга оид сиёсати, юртимизда ёш авлод таълим-тарбиясига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритди. Яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланаётган ёшларнинг ютуқлари эътироф этилди.

Шундан сўнг ургутлик ёшларнинг таклифлари, муаммолари эшитилиб, аксарият масалалар шу ернинг ўзида вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси ҳамда туман секторлари раҳбарлари иштирокида ҳал қилинди.

Хусусан, Узунсой маҳалласининг фаол ёшларидан бири, спорт мураббийи Дилмурод Примовнинг эркин кураш тўгарагида шуғулланаётган ёшларнинг машғулот сифатини ошириш учун спорт гилами сўраб қилган мурожаати қаноатлантирилди.

Омонқўтон маҳалласида яшовчи Мансур Султонов эса тадбиркорлик фаолиятини бошлаш истагида эканини айтиб, миллий анъана ва қадриятларимизни акс эттирувчи туристик марказ очиш учун имтиёзли кредит олишда ёрдам сўради. Бу масала тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал этилиши айтилди.

Қоратепалик Шаҳризода Мирзаева давлат хавфсизлик хизмати соҳасига қизиқиши юқори эканлигини айтиб, ушбу йўналишда ўқиш ва ишлаш учун тавсиянома беришларини сўради. Бошқарма бошлиғи Шаҳризодани қўллаб-қувватлашини билдириб, мутасаддиларга топшириқ берди.

Шунингдек, учрашувда айни пайтда хорижда бўлиб турган бир гуруҳ ургутлик ёшларнинг масалалари ҳам эшитилди. Жумладан, Россиянинг нуфузли университетларидан бирида таҳсил олаётган М.Ҳакимов ўқишини Ўзбекистонга кўчиришда ёрдам сўради. Бу масалада мутасаддилар унга йўл-йўриқ кўрсатиши айтилди.

Учрашув сўнгида бир гуруҳ ёшларга китоблар жамланмаси совға қилинди.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари