Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ургутдан Самарқандга поездда
16:18 / 2025-11-26

Президент ташрифидан сўнг

Бугундан йўловчилар учун “Самарқанд – Ургут” ва “Ургут – Самарқанд” йўналишида поезд қатнови бошланди. Янги қатновнинг илк йўловчилари вилоят ва Ургут тумани фаоллари, нуронийлар ва ёшлар бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев кеча Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида фаоллар билан бирга Самарқанд шаҳридан Ургут туманига илк бор янгидан бунёд этилган темир йўл орқали поездда борди. Ва шу тарзда 25 ноябрь Ургут ва ургутликлар ҳаётида муҳим тарихий сана сифатида тарихга муҳрланди. Энди ургутликлар Самарқанд шаҳрига поездда бориб-келишлари мумкин. Меҳмонлар учун ҳам вилоятнинг ушбу гўзал масканига поездда келиб-кетиш учун имконият яратилди.

Аслида, Ургутга темир йўл тортиш туман аҳли, айниқса, тадбиркорларнинг бир неча йиллик орзуси эди. Бу ҳақда катта-кичик давраларда айтилар, аммо маблағ масаласи юзага чиққанда бу режа ортга сурилаверар, орзу орзулигича қолаверарди.

– Бу йил ургутликларнинг кўп йиллик орзуси ушалди, – дейди меҳнат фахрийси Қуддус Асқаров. – Ҳурматли Президентимизнинг туманимизни янада ривожлантириш, аҳоли учун ҳар томонлама қулай шароит яратишга бўлган алоҳида эътиборлари туфайли шу йилнинг февраль ойида “Самарқанд – Ургут” янги темир йўл тармоғи қурилиши бошланди. Шунда ҳам айримлар “бу иш қачон амалга ошади энди, яна неча йил кутамиз” деган хаёлга ҳам борганди. Лекин жуда қисқа фурсат – 9 ойда 55 километр масофада темир излари ташланиб, Ургутга биринчи марта поезд келди. Бу жараёнда Жартепа қишлоғида ва Ургут тумани марказида вокзал бинолари қурилди. Шу билан туманимизда йўловчи ва юк ташишнинг янги имконияти пайдо бўлди. Кеча Президентимиз ушбу темирйўл орқали Ургутга келдилар ва вокзалда биз нуронийлар, фаоллар билан учрашиб, барчамизни янги поезд қатнови билан табрикладилар. Биз ҳам ўз навбатида у кишига миннатдорлик билдириб, эзгу ниятларимизни билдирдик. Бугун энди ўзимиз шу янги поезднинг илк йўловчилари сифатида Самарқандга йўл оляпмиз. Айтишим мумкинки, кечадан Ургут ҳаётида янги саҳифа бошланди, халқимиз жуда кўтаринки кайфиятда. Кеча Президентимиз иштирокида ўтказилган йиғилишда Ургутни янада ривожлантириш бўйича кўплаб янги ташаббуслар айтилди, янгилик ва ўзгаришлар тилга олинди. Биз нуронийлар ҳам бу ишларни амалга оширишга ўз тажрибамиз билан ҳисса қўшамиз, ёшларни қўллаб-қувватлаб, уларга далда бўламиз.

Маълумотларга кўра, янги темир йўл орқали йилига 359 минг йўловчи ва 8,2 миллион тонна юк ташиш имконияти мавжуд. Мазкур йўналишда икки жуфт шаҳарлараро йўловчи поезди ҳамда тўққиз жуфт юк поезди қатнови амалга амалга оширилади. Эътиборлиси, қўшни Тожикистон Республикасидан юртимизга келадиган қардошларимиз Жартепа вокзали орқали Ургутга ёки Самарқанд шаҳрига етиб олишлари мумкин бўлади. Айни пайтда Жартепадаги чегара ўтказиш маскани орқали кунига 3-4 минг нафар тожикистонликлар юртимизга келиб кетишини ҳисобга олсак, мазкур темир йўл уларнинг транспорт хизматидан фойдаланиш имкониятларини бирмунча кенгайтиради. Шунингдек, ички туризм ривожига ҳам катта ҳисса қўшади.

Янги поезднинг илк йўловчилари Ургут ва Самарқанд вокзалларида тантанали кутиб олинди. Самарқанддан борган фаоллар Жартепа ва Ургут вокзалларида яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Мазкур ҳудудларда амалга ошириладиган қўшимча бунёдкорлик ишлари ҳақида маълумот берилди. 

 [gallery-26425]

– Ургут вилоятимизнинг энг кўп аҳоли яшайдиган тумани ҳисобланади, – дейди Маънавият ва маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раиси Нигора Саъдинова. – Албатта, бу ерда аҳолининг транспорт хизматига эҳтиёжи бошқа ҳудудларга нисбатан анча юқори. Шунинг учун Самарқанд шаҳри ва Ургут оралиғида поезд қатнови йўлга қўйилгани ургутликлар учун жуда катта қулайлик бўлди. Қолаверса, Ургутга юртимизнинг бошқа ҳудудларидан ва хориждан туризм ёки тадбиркорлик мақсадида келадиган меҳмонлар учун ҳам поезд арзон ва қулай транспорт тури ҳисобланади. Биз ҳам ушбу поезднинг илк йўловчилари сифатида ундан фойдаланаётганимиздан хурсандмиз.  

Янги поездда Ургутдан келган фаоллар, жамоатчилик вакиллари учун Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат ташкил этилди.

Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари