Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ургут ветеринария медицинаси техникуми илк бор ўқувчиларни қабул қилди
19:20 / 2020-09-21

Карантин даврида томорқасини гуллатиб қўйган, ҳовлисида чорва боқишга киришган одамлар ҳам кўпайиб қолди.


Бугун чорвачилик қишлоқ аҳолиси учун даромадни кўпайтириш, фаровон яшаш кафолатига айланмоқда. Карантин даврида томорқасини гуллатиб қўйган, ҳовлисида чорва боқишга киришган одамлар ҳам кўпайиб қолди. Чунки қўй-қўзи барака, сигир сақлаш, бузоқларни кўпайтириш том маънода бойлик демакдир.

Синчковлик билан кузатсангиз қарилик гаштини сураётган тажрибали чорвадорлар ҳам жамғариб қўйган пулига невараси учун сарпо ё хўрозқанд мисол ширинлик олмай қўйишди, аксинча қўй-қўзи харид қилиб, фарзандларини меҳнатсеварликка ундаяпти.

Яна бир жиҳат шундаки, коронавирус балоси туфайли жорий этилган 30 кишилик тўй қишлоқ аҳли(гарчи бу миқдор кўпинча бузилиб кетаётган бўлсада) учун қўшимча имкон яратди, тежалган маблағ ҳам чорвани ривожлантиришга сарфланаяпти. Ўз-ўзидан аёнки, буларнинг бари ветеринария соҳасида малакали мутахассислар тайёрлаш учун эҳтиёж туғдирмоқда. Ахир қишлоқларда наслдорлиги ошиб, миқдори кўпайиб бораётган чорвани турли хасталиклардан ўз вақтида ҳимоя қилиш, касалликка чалинтирмаслик, зарур ҳолларда сифатли даволаш ҳам жуда муҳимда.

Ҳукуматимиз қарорига кўра ташкил этилган ва бу йил илк бор ўқувчиларни қабул қилаётган, малакали мутахассислар тайёрлашга астойдил киришаётган Ургут ветеринария медицинаси техникумининг директори Улуғбек Файзиев шундай дейди:

– Аввало қуйидаги рақамларга эътибор беринг. Бу йил 510 нафар талабани ўқишга қабул қилишни мўлжаллаяпмиз. Шундан 93 нафар ўқувчи махсус суҳбат ва давлат томонидан берилган имтиёзлар талабига кўра бюджет ҳисобидан ўқийди. Ўқиш муддати икки йил, ўқишни аъло баҳолар билан тамомлаган ўқувчилар Самарқанд ветеринария медицинаси институтига 2-курсдан суҳбат асосида ўқишга киради. Бу катта имконият, шунга мос равишда техникум собиқ коллеждан фарқ қилади ва талабчанлик, ўқув-амалиёт жараёни ҳам коллежга нисбатан такомиллашган. Шунингдек техникум ўқитувчиларининг 15 фоизи институтдан таклиф этилади. Ўқув жараёни амалиёт билан узвий олиб борилади.

Айни чоғда 5 та йўналиш бўйича қабул амалга оширилмоқда. Ветеринария медицинаси, зоотехния, кинология, бухгалтерия ҳисоби ва аудит, қишлоқ хўжалигини механизациялаш шулар жумласидандир. Ҳар бир йўналишда ўқиш жараёни замонавий тарзда ташкил этилади. Ўқувчиларнинг яшаш ва таълим олиши учун техникумда барча имкониятлар яратилган. Фақат ёшларимиз давлатимиз раҳбаридан миннатдор бўлган ҳолда астойдил ўқишлари, ўрганишлари керак.