Хоразм вилояти Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашида 14 нафар O`zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари фаолият олиб боради.
Шаҳарни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш, аҳолини қийнаётган муаммоларга партиявий воситалар билан ечим топиш, депутатлик ваколати доирасида жойларда аниқланаётган камчиликларни бартараф этиш, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасида шаҳардаги маслакдош депутатлар алоҳида жонбозлиги, фидойиликлари билан ажралиб туради.
Бугунги пандемия шароитида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларга сифатли тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш борасида шаҳарда амалга оширилаётган ишлар доимий равишда депутатлар назоратида.
Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги O`zLiDeP депутатлик гуруҳи эшитувида ҳам Урганч шаҳар Тиббиёт бирлашмасида жорий йилнинг 6 ойи давомида қилинган ишлар сарҳисоб қилиниб, мансабдор шахслар ахбороти тингланди.
Эшитувда Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси бош шифокори А.Рахимовнинг таъкидлашича, 144 945 нафар урганчлик аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида Урганч шаҳар тибиёт бирлашмаси таркибида: 3 та оилавий поликлиника ва 1 та филиал, 1 та марказий кўп тармоқли поликлиника ва 165 та ўринга мўлжалланган шаҳар шифохонаси фаолият кўрсатиб келмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғликни сақлаш вазирлигининг тегишли буйруғи асосида ўтган 6 ой давомида 80 минг 854 нафар яъни 99,4 фоиз аҳоли чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди.
Урганч шаҳрида 2021 йил 6 ой давомида 29 та мактабда ва 33та Мактабгача таълим муассасасида 1та Ихтисослаштирилган мактабда 10 минг 793 нафар ўқувчи болалар тиббий кўрикдан ўтказилиб, шулардан 5 минг 154 нафари касал, деб топилиб соғломлаштириш учун амбулатория, шифохоналар, санаторияларга йуналтирилди. Имтиёзга эга бўлган шахсларга давлат бюджетлари маблағлари ҳисобига ихтисослашган марказларда бепул даволаниш учун 789 та ордер билан таъминланди.
Урганч шаҳар Тиббиёт-бирлашмаси Ногиронлар, кексалар ва аҳолининг бошқа ҳожатманд қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш мақсадида 2021 йилнинг 6 ойи давомида Урганч шаҳридаги реабилитация техник воситаларига муҳтож бўлган ногиронлар, пенсионерлар, ёлғиз яшовчи пенсионерларга, уруш ва меҳнат фахрийларига махсус кресло, 12 та ногиронлик аравачаси, 15 та эшитиш мосламаси, 4 та қўлтиқтаёқ, 12 та ҳасса, 1 та юриш тиргаги билан таъминланди.

Протез – ортопедия махсулотларига муҳтож пенсионер ва ногиронлардан ТМЭК хулосасига асосан, аризалар олиниб навбатга қўйилган.
Урганч шаҳар тиббиёт бирлашмаси таркибидаги шифохона 165 ўринга мўлжалланган бўлиб, 6 ой давомида шифохонада жами 7 минг 271 нафар бемор ётиб даволанди. Хирургия бўлимида эса 235 та операция ўтказилиб, терапия бўлимида 946 нафар бемор даволанди.
Ҳозирги пандемия шароитида касаллик занжирини узиш мақсадида шаҳар тиббиёт бирлашмаси томонидан коронавирусга қарши эмлаш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Эмлаш жараёнлари жорий йилнинг 1 апрелидан бошланган. Ҳозиргача 36 минг 382 нафар фуқаролар 1,2,3-босқичларда Спутник, Астра-зеника, Ўзбекистон ва Хитой вакциналари билан эмланган.
Жорий йилнинг 1август ҳолатига Короновирус инфекцияси билан касалланиб уйда даволанаётганлар сони 422 нафар, стационарда даволанаётганлар 61 нафарни ташкил этмоқда. Касалликнинг енгил даражасидаги беморлар “Ковид Бокс” (вирусга қарши дорилар: гидроксихлор, витамин с, парацетамол, цинк ) дорилар жамланмаси берилмоқда.
Депутатлар қилинган ишлар билан бирга соҳада мавжуд муамоларни ҳам ўртага ташлади. Хусусан, кам таъминланган, даромади юқори бўлмаган аҳоли қатлами учун соғлиқларини тиклашида бепул ордерлар беришда вужудга келаётган муаммолар ҳам муҳокама қилинди.
Масъул шахснинг айтишича, тиббиёт бирлашмаси фақат ногиронлиги бор, уруш қатнашчиси бўлган алоҳида белгилаб олинган тойифалардан бошқа аҳолининг кам таъминланган қатламига даволаниш учун бепул ордерлар бериши мумкин эмас. Бу бўйича депутатлар томонидан қонунчиликни такомиллаштириш, бошқа эҳтиёжманд фуқаролар учун ҳам имтиёзлар киритиш лозимлиги айтилди.
Ҳозирги пандемия шароитида шаҳар ҳудудига кириб келган ижрада яшовчи ва турли ташландиқ жойларда яшаётган дайдилар, лўлиларнинг қаровсиз, эътибордан четда қолаётгани ҳам танқид остига олинди. Улар бевосита вирус тарқатувчи бўлиши мумкинлиги, уларнинг соғлиги ва яшаш шароитлари санитария ва эпидемиалогия талабларига жавоб бермаслиги аҳоли орасида юриши хавфли эканлиги танқид остига олинди. Бу борада ҳам тегишли ташкилотлар билан биргаликда уларни яшаш жойларига жўнатиш, соғлигини назоратга олиш тавсия этилди.
Депутатлар бугунги кунда мамлакатимизда коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони, шунингдек, ўлим ҳолатлари тобора кўпайиб бораётгани боис, аҳолининг оммавий вакцинацияси ушбу касалликка қарши курашишнинг самарали чораларидан бири ҳисобланишини инобатга олиб тарғибот ишларини кучайтириш лозимлигини айтди.
Йиғилишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш, белгиланган вазифаларни ўз муддатида бажариш юзасидан масъул ҳокимликлар, идора ва ташкилотлар раҳбарларининг жавобгарлигини ошириш, зарур чора-тадбирлар кўрилишини таъминлаш ва мазкур масалалар юзасидан депутатлик назоратини ўрнатиш зарурлиги таъкидланди.
Таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, кўрилган масалалар юзасидан Халқ депутатлари Урганч шаҳар Кенгашидаги O’zLiDeP депутатлик гуруҳининг қарори қабул қилинди.
Шарифа Хожиева,
O'zLiDeP Урганч шаҳар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари аппарат раҳбари.
ЎзА