English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Урганчдаги ҳарбий-академик лицейда математика фани бўйича халқаро олимпиада ўтказилмоқда
11:50 / 2024-04-10

ФОТОРЕПОРТАЖ

Хоразм вилояти Урганч шаҳридаги Жалолиддин Мангуберди ҳарбий академик-лицейида Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатларнинг ҳарбий-академик лицей ва мактаблари ўқувчилари ўртасида математика фани бўйича халқаро олимпиада ўтказилмоқда.  

Мустақил давлатлар ҳамдўстлигига аъзо давлатлар мудофаа идораларининг келишувига асосан ҳарбий лицейлар ўқувчилари, олий ҳарбий таълим муассаса курсантлари ҳамда ҳарбий спортчилар ўртасида ўтказиб келинаётган фан олимпиадалари ва спорт мусобақалари энг сара ўқувчилар ва курсантларни аниқлаш ва рағбатлантириш, ҳарбий таълим соҳасида ўзаро тажриба алмашиш ҳамда ўсиб келаётган ёш авлод вакилларининг рақобатбардош, интеллектуал салоҳиятли бўлиб вояга етишини таъминлаш каби асосий мақсадларга йўналтирилган.

[gallery-16878]

МДҲ давлатлари ҳарбий лицей ва мактабларининг ўқувчилари ўртасида аниқ фанларга қизиқишини ошириш, уларнинг интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда ўзаро баҳслашиш имконини бераётган бугунги математика фани бўйича халқаро олимпиадада Ўзбекистон, Россия, Беларусь ва Қозоғистон давлатларидан иқтидорли ўқувчилар иштирок этмоқда.

Мамлакатимиз шаънини бу йил Мудофаа вазирлигига қарашли иккита ҳарбий лицей, яъни Урганчдаги Жалолиддин Мангуберди номидаги ҳарбий-академик лицей ҳамда Фарғонадаги “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейи жамоалари ҳимоя қилмоқда.

Олимпиада МДҲга аъзо давлатларнинг ҳарбий академик лицейлари ва мактабларининг 8-, 9-, 10- ва 11-синф ўқувчилари ўртасида ташкил этилиб, ҳар бир йўналишда 8 нафар иштирокчидан ташкил топган жамоалар шакллантирилган.

Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳарбийлашган давлат мактаблари мавжуд бўлмагани боис, 8- ва 9-синф ҳарбийлашган мактаблари ўртасидаги баҳсларда фақат Россия ва Беларусь давлатлари жамоалари беллашмоқда. 10-синфлар ўртасидаги ақл беллашувида эса 5 та ҳамда 11-синфлар ўртасидаги беллашувда 4 та жамоа қатнашмоқда.

Олимпиада дастури доирасида ўқувчилар ўртасида спорт мусобақалари, Хоразм вилоятининг диққатга сазовор жойларига саёҳат ҳамда маданий тадбирлар ўрин олган.

 

Беҳзодбек САИДОВ(сурат),ЎзА