Урганч шаҳридаги Ўзбекистон замонавий санъат музейида "Устоз сабоқлари" бадиий кўргазмаси очилди.
Унда мамлакатимизда замонавий санъат соҳасида самарали ижод билан бир қаторда ёшларга мураббийлик қилаётган тўрт нафар рассом Шоира Ҳасанова, Дилшод Азизов, Мадина Арипова, Маликабонунинг энг сара асарлари намойиш этилмоқда.
Ушбу ижодкорларнинг асарлари нафақат ранглар уйғунлиги, балки руҳият ва табиатнинг жилоси, экологик муаммолар ҳам кўзга ташланиши билан алоҳида эътирофга лойиқ.
Хусусан, янги технологиялар, имконият ва замонавий усулларда яратилган асарларда табиатнинг гўзаллиги, инсон ва муҳит уйғунлиги муаллифлар томонидан юксак маҳорат билан ифода этилган.
[gallery-25667]
--Кўргазмада янги технологиялар ва анъанавий руҳ уйғунлиги мужассам. Чунки, бу ерда нафақат ранг- тасвир, график асарларни, балки замонавий компьютер технологиялари, махсус дастурлар ва сунъий интеллект ёрдамида яратилган санъат асарларини кўришингиз мумкин,--дейди музей директори Ширин Тошева. – Кўргазмамизда интерактив, перформанcе, инсталяция, иммерсия каби замонавий санъат турлари билан ҳам танишасиз. Мазкур кўргазма 2026 йилнинг апрель ойигача давом этади.
Бадий кўргазмадан жой олган "Болаликка қайтиш", "Кузги натюрморт", "Шарқ эртаклари", "Менинг этюдларим", "Ёзги гуллар натюрморти", "Менинг уйим" каби туркум асарлар санъат ихлосмандларида катта таассурот қолдирмоқда.
Таъкидлаш лозим, "Устоз сабоқлари" каби кўргазмалар орқали юртимизда устоз-шогирд анъанаси янада бойиб, янги илҳом ва ижодий руҳга туртки бўлиши аниқ.
Маълумот ўрнида: Ўзбекистон замонавий санъати музейи (CAMUZ) Хоразм ва бутун мамлакатимизнинг бой маданий меросини ўзида мужассам этган. Бу ерда рангтасвир, ҳайкалтарошлик асарлари, фотосуратлар, амалий санъат буюмларини ўз ичига олган 3000 дан ортиқ экспонатдан иборат ноёб тўплам жамланган.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари