English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Урганчда янги тиббиёт муассасаси фаолият бошлади (+видео)
15:42 / 2025-02-18

Кейинги йилларда репродуктив саломатликни муҳофаза этиш, айниқса, туғиш ёшидаги аёлларга малакали тиббий хизмат кўрсатиш борасидаги ислоҳотлар ўзинининг ижобий натижасини кўрсатмоқда.

Урганч шаҳрида янги иш фаолиятини бошлаган яна бир хусусий тиббиёт муассасасида ҳам бу борада тиббиётнинг сўнгги ютуқларидан фойдаланиб, кўплаб оилаларнинг ота-оналик бахтига эришишига кўмаклашиш мақсад қилинган. 

Таҳлилларга кўра, Хоразм вилоятида фаолият олиб бораётган ҳусусий тиббиёт муассасалари сони қарийб беш юзтага етди. Бу албатта аҳолига намунали тиббий хизмат кўрсатилишини рағбатлантириш, тизимда эркин рақобат муҳитини яратиш, қолаверса, замонавий тиббиётнинг илмий ютуқларидан самарали фойдаланиш имконини беради. 

Урганч шаҳрида фаолият бошлаган яна бир хусусий тиббиёт муассасининг очилиш маросимида вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов иштирок этди ва сўзга чиқди.  

Таъкидланганидек, вилоятида ҳар йили 16 мингдан ортиқ янги оила қурилиб, қарийб ўттиз икки минг нафардан ортиқ ёшлар никоҳ ришталарини боғлайди. Афсуски, уларнинг 10-15 фоизи фарзанд кўришда баъзи муаммоларга дуч келишади.  

Хоразмда учинчи бўлиб, ўз фаолиятини бошлаган ЭКУ маркази ёш оилаларнинг ушбу муаммосини бартараф этишга ёрдам беради.  

Тадбирда иштирок этган тиббиёт мутахассислари, нуроний отахон ва онахонлар, кенг жамоатчилик вакиллари тиббиёт тизимидаги ислоҳотлардан мамнун эканликларини билдириб, тиббиёт марказидаги имкониятлар, бу ерга келтирилган янги тиббий ускуналар билан танишдилар.

– Клиникамизда замонавий асбоб-ускуналар ёрдамида бепушт аёллар ва бефарзанд оилаларга тиббий хизмат кўрсатиш учун барча шароит мавжуд, – дейди Қудрат Жуманиёзов. – Тажрибали мутахассисларимиз ҳам етарли. Жумладан, репродуктолог, эмбриолог дунёнинг ривожланган давлатлари Швецария, Туркия, Италия, Қозоғистон ва пойтахтимиз Тошкентдаги машҳур клиникаларда малака ва тажрибаларини ошириб келишган. Бу ерда бепуштликни даволашда анъанавий усуллар ёрдам бермаган тақдирда экстрокорпорал уруғлантириш,  яъни бепуштликни енгиб ўтишнинг энг замонавий усулидан ҳам фойдаланамиз. Бу кунгача унинг ёрдамида дунёда 10 миллиондан ортиқ бола туғилган.

Янги ташкил қилинган тиббиёт муассаси фаолияти бевосита қозоғистонлик ҳамкорлар, ўттиз йиллик тажрибага эга мутахассислар ёрдами билан йўлга қўйилган.

[gallery-21789]

– Бугун соҳамиз учун ўта муҳим бўлган янги марказ фаолиятига кўмаклашаётганимиздан мамнунмиз, – дейди қозоғистонлик шифокор Муҳаббат Яҳёева. – Мисол учун, аёллар саломатлиги борасида энг долзарби ҳомиладорлик ва ҳомиладорликкача бўлган профилактик давр ҳисобланади. Репродуктология ўз номи билан оналарнинг туғруқ жараёнидаги муаммоларини бартараф этишга, бепуштликнинг олдини олишга қаратилган. Ушбу янги марказ тиббий хизмат сифатини оширишга қаратилган бир қатор йўналишда фаолият кўрсатади. Жумладан, тиббиёт тизими ривожланган Европа давлатларида тажриба орттирган шифокорлар ўз тажрибасини бу ерда қўллайдилар. Биз маҳаллий тор доирадаги мутахассислар билан ўзаро фикр алмашмоқдамиз. Қисқача айтганда, бизнинг барча муолажаларимиз репродуктологияда оналар саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган.  

<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/IINmf8dBCN8" title="Urganchda yangi tibbiyot muassasasi faoliyat boshladi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>

Тадбир давомида тиббиёт мутахассислари бутун дунёдаги репродуктив тиббиётинг долзарб муаммолари, темир танқислиги анемияси ва бепуштлик, тромбофилия ва репродуктив қийинчиликлар, эрта преембрионал йўқотишлар, хомиладорликдан олдинги тайёргарлик, репродуктив тиббиётда эндоскопия ва бошқа мавзуларда ўзаро фикр алмашдилар.  

Аҳмаджон Шокиров,

Беҳзод Саидов (сурат, видео), ЎзА мухбирлари