Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида Ахборот-ресурс марказининг янги биноси ҳамда Пекин-Урганч математика марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда университет раҳбарияти, таниқли олимлар, талабалар, хорижий меҳмонлар ҳамда ҳудудий ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.
Маросимда сўзга чиққан Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев, Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Санъат Салоев, Пекин халқаро математика тадқиқот маркази профессори Ганг Тиан, Калифорния университети профессори З.Ибрагимов ва бошқалар мазкур илм масканларининг фойдаланишга топширилиши билан барчани самимий қутлади.
– Бу каби ислоҳотлар юртимизда таълимга бўлган юксак эътибор натижаси эканини таъкидлаб, келгусида мазкур бино ёшларнинг янада чуқурроқ билим олиши учун замин яратади, – дейди Олий Мажлис Сенатининг фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Баҳром Абдуллаев.– Иккала марказ ҳам вилоятда илм-фаннинг янада равнақ топишида хизмат қилади. Урганч давлат университетининг замонавий ахборот-ресурс маркази илмий тадқиқотларга замин яратадиган муҳит ва ёшларни интеллектуал ривожлантиришга хизмат қиладиган илмий-маърифий марказдир.
Бино бир вақтнинг ўзида 1000 нафар фойдаланувчига хизмат қилади. Кутубхонада Пекин-Урганч математика маркази, 506 ўринга мўлжалланган фаоллар зали ҳамда университет тарихи ва илмий меросини акс эттирувчи музей, ҳар бир қаватда иккитадан 100 ўринли буюк қомусий олимларимизнинг номи билан аталган ўқув заллари ва бошқа замонавий имкониятлар мавжуд.
[gallery-23485]
Марказ нафақат талабалар, балки профессор-ўқитувчилар, изланувчи ёшлар учун фойдали илмий масканга айланади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари