Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида “Ҳисоблаш статистикаси ва машинали ўрганиш бўйича биринчи мактаб: чекланган аралашмани моделлаштириш ва моделга асосланган кластер таҳлили” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўз ишини бошлади.
Беш кун давом этадиган халқаро анжуманда бир гуруҳ хорижлик олимлар ҳамда юртимизнинг профессор-ўқитувчилари иштирок этмоқда.
Жумладан, конференцияда иштирок этиш учун Америка Қўшма Штатларининг нуфузли олийгоҳларидан профессор-ўқитувчилар, хусусан, Володимир Мелников, Семҳар Мичаел, Шучисмита Саркар, Игор Мелников ҳамда Италиянинг Катания университети профессори Салваторе Инграссиа Урганчга келишган.
[gallery-23297]
Халқаро илмий- амалий анжуманнинг очилиш маросимида Урганч давлат университети ректори в.в.б. Сардор Хўжаниёзов, америкалик олим Володимир Мелников сўзга чиқиб, мазкур конференциянинг соҳа ривожидаги аҳамиятига тўхталишди.
Шундан сўнг, конференциянинг маърузалари бошланди. Унда турли мавзуларда хорижлик олимларнинг инглиз тилидаги маърузалари тингланди.
Мазкур халқаро илмий-амалий конференция ҳар жиҳатдан олимлар учун жуда фойдали бўлиб, фикрлар алмашинади, муҳим илмий масалалар муҳокама этилиб, келгусида ҳамкорликда амалга ошириш зарур бўлган истиқболли режалар белгилаб олинади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари