Хоразм вилояти Урганч туманининг “Ал-Хоразмий” мажмуасида электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган технопаркда дастлабки инвестиция лойиҳалари қурилишига старт берилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Хоразм вилояти ҳокимлиги, лойиҳа ташаббускорлари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Давлатимиз раҳбарининг “Хомашёдан тайёр маҳсулотгача” тамойили асосида ҳудудларда ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтириш, хорижий компанияларни Ўзбекистонга жалб этиш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринлари ташкил этишга қаратилган бу каби йирик саноат мажмуалари бугун мамлакатимиз иқтисодиётининг муҳим “драйвери”га айланиб бормоқда.
– Умумий майдони 4 гектарни ташкил қилувчи мазкур технопаркни инфратузилма билан таъминлаш бўйича манзилли дастур тасдиқланган бўлиб, бугун дастлабки 2 та лойиҳанинг қурилишига старт берилди, – дейди “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Жамолов. – Жумладан, лойиҳа қиймати 4,5 миллион АҚШ доллари бўлган “Mega Elektro apparat elektroshit” корхонаси томонидан йилига 10 минг тонна кабель-сим маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, 60 та янги иш ўрни яратилади. Икки миллион долларлик маҳсулотлар экспортга йўналтирилади. Шунингдек, қиймати 2 миллион долларлик “Ҳар хил турдаги сув тозалаш фильтрларини ишлаб чиқариш” лойиҳаси “EСО Соmpanу ilmiy ishlab-сhiqarish” МЧЖ томонидан амалга оширилади. Йиллик қуввати 1 миллион дона ҳисобланиб, қўшимча 70 та иш ўрни яратилади. Қарийб 1 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилиниши кўзда тутилган. Ушбу лойиҳалар “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси томонидан лойиҳа ташаббускорлари билан ҳамкорликда амалга оширилади.
[gallery-19433]
Тасдиқланган бош режага кўра, технопарк ҳудудида ижтимоий инфратузилма объектлари давлат-хусусий шерикчилик асосида жойлаштирилиши ҳам кўзда тутилган. Албатта, бу ишларни амалга оширишда кадрлар масаласига ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бунда биринчи навбатда Технопарк ҳудудида дуал таълим асосида мутахассислар тайёрлаш, малакасини ошириш учун мономарказлар ва ўқув хоналари, лабораториялар ташкил этиш режалаштирилган.
Тадбирда сўзга чиққанлар ушбу йирик саноат мажмуалари нафақат мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, балки аҳолини доимий иш билан таъминлаш борасидаги ишларга ҳам катта ҳисса қўшишини таъкидлади.
– Бу жойлар ташландиқ, қумлоқ ва овлоқ ерлар эди, – дейди урганчлик меҳнат фахрийси Собир Алланазаров. – Президентимизнинг ташаббуси билан Ал-Хоразмий шаҳарчаси бунёд этила бошланди. Бундан барчамиз хурсандмиз. Бугунги инвестицион лойиҳа ҳақида эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Энди кабель симлар маҳалламизда ишлаб чиқарилади. Бу эса воҳамиз бўйлаб давом этаётган кенг кўламли бунёдкорликларда фойда беради. Аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш ҳам халқимиз учун жуда самарали лойиҳа.
Шунингдек, технопарк иштирокчилари учун киритиладиган инвестициялар ҳажмига қараб мол-мулк солиғидан, ер солиғидан ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун ҳамда даромад солиғини тўлашдан озод қилиш тарзидаги қатор имтиёзлар ҳам белгилаб қўйилган.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GiTGiMOyWFM" title="Urganchda texnopark qurilishi boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат) ЎзА мухбирлари