Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Хоразм вилоят ҳокимлиги ҳамда вилоят спорт бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Урганч шаҳридан оқиб ўтувчи Шовот канали бўйлаб ўтказилган веломарафоннинг умумий масофаси 3,5 километрни ташкил этди. Унда беш юзга яқин профессионал ҳамда ҳаваскор велоспортчилар, ёшлар, нуронийлар, шунингдек, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватловчи кўнгиллий фуқаролар иштирок этишди.
— Ушбу веломарафон давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 15 майдаги “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилди, — дейди Ўзбекистон Экологик партияси Хоразм вилоят кенгаши раиси Камолбек Жуманиёзов. —Бу каби ташаббуслар аҳолида экологик онг ва маданиятни ошириш, айниқса, ёшларни табиатни авайлашга даъват этишда муҳим аҳамият касб этади. Биз эса ҳамкорлар билан биргаликда соғлом ва тоза муҳитни келажак авлодга етказиш учун ҳаракат қилаяпмиз.
[gallery-26062]
Тадбир иштирокчилари табиатни муҳофаза қилиш ва яшил ҳаёт тарзини тарғиб этиш йўлида бундай акцияларни мунтазам ўтказиш зарурлигини таъкидлашди.
Веломарафон якунида фаол иштирокчиларга эсдалик совғалари ва дипломлар топширилди.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари