Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Қарорда:
а) урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат бошқаруви самарадорлигини ошириш;
б) Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси фаолиятини ташкил этиш;
в) урбанизация ва уй-жой соҳасида давлат органлари ўртасида ўзаро интеграцияни ташкил этган ҳолда ҳамкорликни янада ривожлантириш;
г) урбанизация ва уй-жой соҳасида етакчи хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш тартиби белгилаб берилган.
Қарорга мувофиқ, қуйидаги масалаларни ўз ичига олган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари Миллий қўмита билан мажбурий келишилиши шарт:
а) уй-жойлар қурилишида давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чоралари;
б) Нукус ва Тошкент шаҳарларида, вилоятлар марказлари ва бошқа агломерацияларда уй-жой ҳамда нотурар жой мажмуаларини қуриш лойиҳаларини амалга ошириш;
в) "Янги Ўзбекистон" массивларида ва бошқа массивларда кўп квартирали уйлар қурилиши бўйича йиллик мақсадли кўрсаткичларни тасдиқлаш;
г) комплекс қурилиш лойиҳалари амалга ошириладиган ва "Янги Ўзбекистон" массивлари қуриладиган ҳудудларни белгилаш.
Миллий қўмита бошқарув ходимларининг умумий чекланган сони 50 та штат бирлигидан иборат бўлади.
Миллий қўмита лойиҳавий бошқарув тамойили асосида ривожлантириш лойиҳаларини амалга ошириш учун маҳаллий ва хорижий мутахассис ва экспертларни, шу жумладан, олимлар, илмий изланувчилар ва тадқиқотчиларни тўғридан-тўғри шартномалар асосида жалб қилиши (ишга олиши) мумкин.
Қарор билан Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитаси тўғрисидаги низом ҳам тасдиқланди.
Ушбу Низом Ўзбекистон Республикаси Урбанизация ва уй-жой бозорини барқарор ривожлантириш миллий қўмитасининг мақоми, вазифалари, функциялари, ваколатлари ва фаолиятининг ташкилий асосларини, шунингдек, унинг раҳбарларининг функционал мажбуриятлари ҳамда жавобгарлигини белгилайди.
Миллий қўмита ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳисобдордир.
Миллий қўмита томонидан ўз ваколати доирасида қабул қилинган қарорлар давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, бошқа ташкилотлар ва идоралар, хўжалик юритувчи субъектлар учун бажарилиши мажбурий ҳисобланади.
ЎзА