Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Ҳур Ўзбекистон
04:50 / 2020-05-20

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

Рамазон илҳомлари

Сизни тонг чоғида уйғотса азон,

Қушлар навосига тўлса кенг жаҳон,

Мулойим алладан ором олса жон,

Ифорлар таратса тандирлардан нон,

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

Осмонида мўл-мўл нур сочса қуёш,

Бир-бирин йўқласа қавму қариндош,

Турли эл тўпланса тортилганда ош,

Кексалар иззатда, хизмат қилса ёш,

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

Эртадан кечгача қайнаса ҳаёт,

Боғу роғ, уй-бино айласа бунёд,

Шарафланса меҳнат, аллома, аждод,

Ғамхўрликдан ўсса навқирон авлод,

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

Бахтиёр одамлар юрса бехатар,

Яйловида яйраб ўтласа отар,

Ҳавзасида сузса балиғу сувсар,

Зар тупроғи тутса дон, мева, жавҳар,

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

Доим эзгу бўлса сўзи, мақсади,

Не ишга жазм этса келса омади,

Кун сайин дунёда ошса шавкати,

Устига ёғилса Раб марҳамати,

Билингки, бу макон – ҳур Ўзбекистон!

ҒАЛАБА!

Жанглар суронига тўлганда жаҳон,

Қуруқ ўтин каби ёнганди ўрмон.

Оталар жанг қилар мисли қаҳрамон,

Оналар омонлик сўрарди гирён.

Ғалаба – бу башар учун нажотдур!

Ғалаба – бу давом этган ҳаётдур!

Ғалаба – бу биздан қолар авлоддур!

Ғалаба – бу иқбол сари қанотдур!

Уруш тўфонидан қорайди осмон,

Бурда-бурда ерда тўлиб оқди қон.

Қаттиқ эди бошга тушган имтиҳон,

Қанча оғир бўлсин чидади инсон.

Ғалаба – бу омон қолган Ватандур!

Ғалаба – бу омон қолган махзандур!

Ғалаба – бу бизга мерос ор, шаъндур!

Ғалаба – бу изни босган фарзанддур!

Урушлар тугади, келди тинч замон,

Гўё вақт топгандай дардларга дармон.

Бурда-бурда ерда пайдо гулистон,

Бироқ, уруш доғи ўчмас ҳеч қачон.

Ғалаба – бу яшаш учун имкондур!

Ғалаба – бу насиб этган даврондур!

Ғалаба – бу озод Ўзбекистондур!

Ғалаба – Ўзбекман деган унвондур!

Асрор МЎМИН,

шоир