Упар момога ҳавасимиз келди
Юқори таллашқон маҳалласида яшайдиган табаррук момо ёшлигида тақдирнинг кўплаб оғир синовларига дуч келди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғи Шодмон Арабов Ватан ҳимоясига йўл олди.
Сурхондарё вилояти Ангор туманидаги энг ёши улуғ онахон Упар момо Шодмонова жорий йилда 103 ёшни қарши олди.
Юқори таллашқон маҳалласида яшайдиган табаррук момо ёшлигида тақдирнинг кўплаб оғир синовларига дуч келди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида турмуш ўртоғи Шодмон Арабов Ватан ҳимоясига йўл олди. Бу вақтда фронт ортида эр-йигитлар вазифасини бажариб, меҳнат қилиш аёллар зиммасига тушди. Жангчилар учун кийим-кечак, озиқ-овқат ҳозирлашди. Упар ая ҳам кўпчилик қатори тиниб-тинчимади. Чўпон бўлган турмуш ўртоғининг қўлидаги таёқни олиб қолиб, жамоа хўжалиги қўйларини боқди. Уларни соғиб, суту-қаймоғини фронтга жўнатди.
Мудҳиш кунлар, йилларга уланди. Ниҳоят, уруш тугаб, Шодмон Авазов оиласи бағрига қайтди. Лекин, умри қисқа экан. Кенжа фарзанди уч ойлик бўлганида жанггу-жадаллардан омон қайтган Ш.Авазов бу ёруғ дунёни тарк этди. Яна рўзғор тебратиш, 4 нафар фарзандни боқиш ёлғиз она зиммасида қолди.
Упар ая кечалари эртанги кун ҳақида ўйлар, ўғил-қизларининг қорнини тўйғазиш ғамини ер эди. Ҳалол меҳнати, пешона тери ортидан ўзи тўйиб емаса ҳам жондан азиз болаларини боқди. Камолга етказди. Эндиликда фарзандлари, набира-ю, чеваралари роҳатини кўриб, умргузаронлик қилмоқда.
–Ҳаётим давомида бугунгидек фаровон турмушни кўрмаганман, – дейди Упар момо.¬ Оғир йилларни бошдан ўтказиб, болаларимни катта қилдим. Бир бурда нон учун кечани-кеча демай ишладим. Фарзандларим улғайгач, уйли жойли бўлди. Набира, чевара кўрдим. Оғир дамлар ортда қолди. Лекин, икки фарзандимнинг ўлимини эсласам ҳали ҳам қалбимни ларзага солади.
Она учун бундан оғир, залворли юк бўлмаса керак. Шундай пайтда невара, чевараларимнинг бахтли яшаётгани, уларнинг қувончи кўнглимга далда бўлади. Мамлакатимизда хотин-қизларга кўрсатилаётган эътибор эса ёшимга ёш қўшаётганига ҳар тонг шукрона айтаман. Бундан руҳланиб, маҳалламиз ёшларига, невара-чевараларимга кўрган-кечирганларимни, ҳозирги ҳаётимни гапириб, уларга маслаҳат бериб ўтирибман.
Айни пайтда Упар момонинг 30 нафар набираси, 54 нафар чевараси бор. Онахон билан суҳбатлашиб, иродаси ўта мустаҳкам, ҳали ҳам хотираси кучли эканига ҳавасимиз келди. Юз ёшдан ошган бўлсалар-да, набира-ю, чевараларининг исмини, туғилган санасини адашмай айтиб берди. Буларнинг барчасини ҳалол меҳнат, ҳалол ризқ, тўғри сўз ва қариликдаги осуда турмуш меваси, деб билдик.
Юз ёшдан ошган момо бугунги дориломон кунларга шукрона айтиб, ҳар тонг юртимизнинг тинчлиги, ободлигини сўраб дуога қўл очади. Хонадонларга файз, беморларга шифо, ёшларга умр тилайди.
Ҳа, ҳаёт мураккаб. Баъзан у ўзининг меҳр-мурувватини кўрсатса, гоҳо турли синовлар билан имтиҳон қилади. Инсон эса ўз сабр-тоқати, иродаси орқали барча синовларни енгиб ўтади. Бунга юртимиз дуогуйларидан бири¬ Упар момо Шодмонованинг турмуши ҳам яққол далилдир. Табаррук ёшдаги бобо-момоларимиз ҳаёти ёшлар учун ҳақиқий ибрат мактаби эканини ҳеч қачон унутмаслигимиз керак.
Гавҳар Жумаева,
Ангор тумани ҳокимлиги
ахборот хизмати раҳбари