Тарихда баъзан шундай ноёб қўлёзмалар учрайдики, уларнинг тақдири “саргузаштларга” бой бўлади. Улар яратилади, шов-шувга сабаб бўлади, сўнг сирли равишда унутилади ва орадан асрлар ўтиб, кутилмаганда қайта “кашф” этилади.
XV асрда Ҳиротда яратилган “Баҳр ул-хавосс” (“Хосиятлар денгизи”) номли улкан тиббий қомуснинг тақдири айнан ана шундай кечган. Бу китобнинг тарихи нафақат ўз даврининг буюк бир даҳоси ҳақида ҳикоя қилади, балки икки асрдан сўнг Бухорода илм-фан ҳомийлиги қай даражага кўтарилганини ҳам намоён этади.
“Баҳр ул-хавосс”нинг муаллифи – Неъматуллоҳ ибн Фахриддин Муборакшоҳ Ҳаким Кермонийдир. У нафақат билимдон табиб, балки файласуф ва “Ҳакимий” тахаллуси билан шеърлар ёзган шоир ҳам бўлган. Замондошлари унинг билими ва маҳоратига шу қадар юқори баҳо берганларидан, ҳатто уни “иккинчи Ибн Сино” деб аташган. Ҳаким Кермоний бир муддат Ҳиротда Султон Ҳусайн Бойқаро хизматида ҳам бўлган. У 1463–1464-йилларда ўзининг шоҳ асари – “Баҳр ул-хавосс”ни ёзиб тугатган. Бу асар ўз даври учун ҳақиқий қомусий асар эди. Муаллиф унда ўзидан аввал ўтган ўнлаб буюк табиблар – Жолинус, Суқрот, Арастудан тортиб, Розий, Ибн Сино, Берунийгача бўлган алломаларнинг асарларини солиштириб, таҳлил қилиб чиққан. У ҳар бир доривор ўсимлик ёки модда ҳақида гапираркан, аввалги олимларнинг фикрларини келтириб, сўнг ўз тажрибаси ва янгиликларини баён қилган.
Шарқшунос олим Маҳмуд Ҳасанийнинг ёзишича, китобнинг тузилиши ҳам ҳайратланарли даражада мукаммал эди. Унинг муқаддима қисми ўзига хос кўп тилли луғат бўлиб, унда тиббиётда қўлланиладиган ўсимликлар, қимматбаҳо тошлар ва ҳайвонларнинг номлари алифбо тартибида берилиб, уларнинг юнон, араб, форс, ҳинд ва туркий (ўзбек) тилларидаги номлари ҳам кўрсатиб ўтилган. Асосий қисмлар эса содда ва мураккаб дорилар, уларни тайёрлаш усуллари, турли касалликларда қўлланилиши, парҳез таомлар ва ҳатто тиббий атамалар изоҳига бағишланган.
Аммо шундай бебаҳо асар тақдири сирли кечади. Негадир у кенг тарқалмайди, ундан нусхалар кўчирилмайди ва аста-секин деярли бутунлай унутилади. Ҳатто XVII асрда яшаган машҳур библиограф Ҳожи Халфа ўзининг 15 мингга яқин асар номини ўз ичига олган “Кашф уз-зунун” асарида ҳам “Баҳр ул-хавосс”ни тилга олмаган. Бу ҳол унинг нақадар ноёб ва топилмас қўлёзмага айланиб қолганини кўрсатади. Асар ёзилганидан қарийб икки аср ўтиб, XVII аср охирида бу унутилган дурдона Бухоро хони Субҳонқулихоннинг қўлига тушиб қолади. Табибликда ўзи ҳам катта қизиқиш ва билимга эга бўлган, ҳатто “Эҳё ут-тибби Субҳоний” (“Субҳоний тиббиёти бўйича даволаш”) номли тиббий асар ёзган Субҳонқулихон бу қўлёзманинг қадрини дарҳол англайди.
Шундан сўнг тарихда камдан-кам учрайдиган иш бошланади. Субҳонқулихон саройдаги энг етук табиблар – Ҳожа Амин Раис, Охунд Мулло Абдуғафур Ҳаким, китобдор Хожа Ёқуб ва мирмунший Мулло Мирмуҳаммаддан иборат бутун бир илмий кенгаш тузади. Уларнинг олдига “Баҳр ул-хавосс”ни Ибн Синонинг “Қонун”и, “Ихтиёри бадиий”, “Шифо ул-алил” каби ўнлаб тиббий китобларга солиштириб, таҳлилий ўрганиб чиқиш вазифаси қўйилади. Бу илмий гуруҳ узоқ вақт меҳнат қилиб, асардаги номи аниқланмаган ҳакимларни топади, муаллифнинг ишора билан ёзиб кетган жойларига шарҳлар битади ва қўлёзмани янги маълумотлар билан бойитади. Бу улкан таҳририй иш якунлангач, хоннинг махсус котиби Хожи Абдураҳмон Баркий мунший уни оққа кўчиради ва шу тариқа буюк асарнинг бизгача етиб келган энг мукаммал нусхаси яратилади.
“Баҳр ул-хавосс” тарихи – бу икки буюк давр ва икки буюк ҳомийнинг ҳикоясидир. Биринчиси, Ҳиротда “иккинчи Ибн Сино”ни етиштириб, унга шундай қомус яратишга имкон берган Темурийлар даври бўлса, иккинчиси – орадан асрлар ўтиб, унутилган меросни “чангдан тозалаб”, уни қайтадан ҳаётга қайтарган ва келажак авлодлар учун сақлаб қолган Бухоро хони Субҳонқулихон ва унинг илмпарварлигидир. Бу воқеа аждодларимизнинг илм-фанга бўлган муносабатида ворисийлик ва изчиллик қанчалик муҳим ўрин тутганини, улар учун энг катта хазина китоб ва билим бўлганини яна бир бор исботлайди.
Алишер Эгамбердиев тайёрлади, ЎзА