Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Унутилаётган қадриятлар ёдга олинди
12:33 / 2024-05-20

Замонавийлашган дунё ва онги тараққий этиб кетган одамлар орасида миллий қадриятларимиз секин-аста йўқолиб бормоқда. Оналар фарзандига алла айтмай қўйди. Жундан ип йигириб гилам тўқишни аёлларимиз аллақачон эсдан чиқарди. Ланка тепиш, чиллак, арқон тортиш ўйинлари ўрнига болаларимиз вақтини қўл телефонда ёки компьютер хонада ўйин ўйнаб ўтказмоқда. Шундай экан, миллий қадриятларимизни эслаш, керак бўлса, қайта-қайта эслатиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва долзарбдир.

Қарши давлат университети ўқитувчилари ва талабалари томонидан Қарши шаҳридаги Алишер Навоий номидаги истироҳат боғида ташкил этилган “Миллий қадриятлар фестивали”да унутилиб бораётган миллий қадриятларимиз яна бир бора ёдга олинди. Улар томонидан келин салом, алла, миллий либослар кўргазмаси, ўлан ва лапарлар, гилам тўқиш, урчуқ йигириш, бахшичилик, тош кўтариш, арқон тортиш, заргарлик, чиллак, қараб теп ўйини (ланка), кураш, кулолчилик, мақом ансамбли, оркестр жамоаларининг  чиқишлари ва расмлар танлови намойиш этилди ва бу сайлга ташриф буюрувчиларда ўзгача таассурот қолдирди.  

[gallery-17470]

-- Ёшлар фаоллигини таъминлашнинг яна бир муҳим йўналиши улар онгида миллий урф-одат ва анъаналарни шакллантиришдир,--- дейди  университетнинг Маънавий ва маърифий ишларини ташкил этиш бўлими бошлиғи Шерзод Акрамов. – Мазкур фестиваль ёшларда миллий тарихимиз кўзгуси бўлган қадрият ва анъаналарга ҳурмат руҳини уйғотишга қаратилганлиги билан аҳамиятли бўлди.  

Ўлмас Баратов, Жамшид Норқобилов (сурат),

ЎзА мухбирлари