Инсонда шундай туйғулар борки, уни маънан, руҳан юксалтиради. Хотира, қадр ҳам ана шулардан бири. Ҳаёт давом этаркан, бу икки тушунчанинг мазмун-моҳиятини теран англаб бораверамиз. Юртимизда 9 майни Хотира ва қадрлаш куни тарзида умумхалқ байрами сифатида нишонланаётгани ҳам бежиз эмас. Унда буюк қадриятлар, халқимизга хос бўлган фазилатлар мужассамдир.
Хотира. Бу сўзни тилга олишимиз билан қулоқларимиз остида ўтмишнинг залворли занжирлари оғир-оғир жаранглаб, гоҳ шукуҳли, гоҳ мусибатли кунларнинг дам жўшқин, дам ҳазин садолари янграйверади, мозий сирлари хаёлан чулғайверади. Хотирага айланган қирғинбарот йиллар, шу йилларга алоқадор одамлар қисмати эса юракларни ўртайверади.
Иккинчи жаҳон уруши ҳақида гапирганимизда томоғимизга алам, фарёд тиқилиб, сўзлагани қўймайди. Ахир, бу мудҳиш уруш сабаб миллионлаб одамларнинг ёстиғи бевақт қуриди, қанчалаб етим-есирлар аччиқ, аламли кўз ёшлари билан улғайдилар. Азоб-уқубат, очлик азоблари унутилишга лойиқми?! Бир эмас, бир неча норғулини урушга жўнатиб, “болам ана кириб келади, болам мана кириб келади, ҳадемай дийдорлашаман”, деган илинжда лаҳзаларни соатларга, соатларни ой-у йилларга улаган онаизорлар қисмати, жанггоҳларда ҳалок бўлган, бир оёғи ёки қўлидан ажралган, танасида ўқ парчасини ҳозиргача кўтариб юришга, нафақат тандаги, балки қалбдаги туганмас оғриқни кўтариб юришга мажбур бўлганлар тақдири уруш деб номланган балога қарши бош кўтаришга ундамайдими?!
Бир қизнинг қўлидан тутмай, чимилдиқ кўрмай, жаҳаннам жангларида ўққа учган навқиронлар бугун ҳаёт бўлганида балки набирасини бағрида эркалаб ўтирармиди? Боладай беозор кампирингиз атрофингизда парвона бўлиб, айланиб-ўргилармиди-я, деган ўй пармалайди қалблар тубини. Бироқ умидлар ҳеч қачон сўнмагай. Қалбимиздан бир сас отилар: “Уларнинг қаҳрамонликларини, жасоратларини авлодларимиз унутмагай. Унут бўлмас оталар ёди, унут бўлмас у кунлар шуҳрати”.
1941-1945 йиллардаги уруш даврида мамлакат бошига тушган оғир синовлар Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудлари каби Фарғона вилоятига ҳам катта таъсир қилди. Уруш бошлангач вилоятдан 150 мингдан ортиқ киши Иккинчи жаҳон урушига сафарбар қилинди. Улардан 54 минг 981нафари ҳалок бўлган, айримлари бедарак йўқолган. 14 минг 912 нафар фарғоналик жангда кўрсатган мардлиги, жасоратлари учун Иттифоқ Қаҳрамони ҳамда жанговор орден ва медаллар билан тақдирланди.
Архив зарварақларига битилган шонли тарихимизни ўрганар эканмиз, уруш бошланган дастлабки даврларда вилоятга фронт олди чизиқларидан жами 1 минг 280 дан ортиқ, кейинги даврларда эса яна минглаб болалар вилоятда ташкил қилинган болалар уйларига кўчириб келинганлигига гувоҳ бўламиз. Жумладан, 1941-1942-йилларда 10 та болалар уйи кўчириб келтирилди.
Инсон бор экан, хотира муқаддас. Ҳеч ким, ҳеч нарса эсдан чиқмайди. Халқ бугунги тинч-хотиржам замонни асраб-авайлаш, қадрига етиш учун ҳам урушни, унинг қаҳрамонларини, ғалабага муносиб ҳисса қўшган ҳеч бир кишини хотирасидан чиқармайди.
Кунлар кунларни, йиллар йилларни қувиб, бу кўҳна чархи фалак шу сирли коинот яралганидан бери айлангани айланган. Айни шу инсоннинг абадий-боқий эмаслиги онгимизда хотира деган тушунчани пайдо қилган бўлса, ажаб эмас. Негаки, хотирагина ўтганларни эслаш, бугунни кечанинг ёди билан тўлдириш, уни янада бойитиш имконини беради. Хотира – одамларнинг вафотидан кейин ҳам бу дунёда яшаб қолиши учун имкон берадиган бирдан-бир имкондир. Бинобарин, ортда қолганлар хотирасида яшашга интилиш илинжи кишини тарбиялайди. Уни эзгуликларга, кишиларнинг бирор корига яраб қолишга, умрни зое кетказмасликка ундайди. Халқ ҳеч қачон яхши фарзандларини эсдан чиқармайди. Халқнинг хотирасиз яшаши асло мумкин эмас. Бу ҳар қандай кишини маънан рағбатлантиради, уни яшашга, яратишга, элу-юртга садоқат ва қатъият билан хизмат қилишга ундайди. Зеро, хотира ҳамиша муқаддас, қадр азиздир.
Дилбархон Мамажонова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси
ЎзА