Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетнинг инновацион факультети фойдаланишга топширилди
16:59 / 2025-08-28

Наманган вилоятида энг улуғ, энг азиз айём – Ватанимиз Мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллиги байрами арафасида бир қатор инфратузилма объектлари фойдаланишга топширилмоқда. Жумладан, Давлатобод туманида барпо этилаётган Янги Наманган шаҳарчаси ҳудудида қуриб битказилган Наманган давлат университетининг инновацион факультети тантанали равишда очилди.

Шу муносабат билан бўлиб ўтган байрам тадбирида Наманган вилоят ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов, республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, “Нуроний” жамғармаси вилоят бўлими раиси, сенатор Икромхон Нажмиддинов Янги Ўзбекистонда таълим соҳасининг барча бўғинларини тубдан ислоҳ қилиш борасида сўнгги йилларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ўз самарасини бераётганлигини таъкидлади. 

[gallery-25019]

Бундан саккиз йил аввал Наманган вилоятида учта олийгоҳда 11 минг талаба таҳсил олган бўлса, 2025 йилда тўртта давлат ва бешта нодавлат, жами тўққизта олийгоҳда ўқиётган талабалар сони 89 мингга етди.

Икки минг сиғимга эга бўлган янги бинони қад ростлаши учун 91,2 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Мазкур замонавий иншоотда икки минг ўринли ўқув аудиториялари ва илмий-тадқиқот лабораториялари, замонавий ахборот коммуникация технологиялари жиҳозлари билан таъминланган хоналар, 400 ўринли анжуманлар зали мавжуд. Асосийси, эндиликда университетдаги таълим жараёнлари икки сменадан бир сменага ўтиши учун шарт-шароит яратилди. Муҳташам ўқув биносини белгиланган муддатда ва юқори сифат билан барпо этиб, фойдаланишга топширгани учун “Бунёдкор Мубошер” масъулияти чекланган жамият қурувчиларига миннатдорлик билдирилди. 

– Ўзига хос мавқега эга бўлган олийгоҳимиз бугунги кунда республикадаги йирик олий таълим масканларидан бири ҳисобланади. Ҳозирда 18 минг 483 нафар талаба таҳсил олмоқда. Уларга пухта илм бериш учун 610 нафар профессор-ўқитувчи масъул. Илмий салоҳият даражаси ҳам шунга яраша бўлиб, 47,7 фоизни ташкил этади. Университет дунёнинг 50дан зиёд давлатидаги 160 та нуфузли олий таълим муассасаси билан ҳамкорлик қилиб келмоқда. Янги куллиётга инновацион факультет номи берилиши ҳам бежиз эмас. Унда “стартап” марказлари, талабаларнинг креатив ғояларини амалга ошириш учун технопарк, янги тадқиқот лабораториялари фаолият юритади. Бу ўз навбатида, университети нафақат таълим маскани, балки янги ғоялар ва илмий ютуқлар фабрикаси сифатида ҳам тараққий этиши режалаштирилган, – дейди Наманган давлат университети ректори, тарих фанлари доктори, профессор Абдуғаффор Қирғизбоев. 

Оқилхон Дадабоев, ЎзА.