Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетининг янги ўқув биноси фойдаланишга топширилди
21:42 / 2025-02-19

Андижон давлат университетининг 1 минг 800 ўринли янги барпо этилган ўқув биноси фойдаланишга топширилди.

Университет профессор-ўқитувчилари, талабалари, кенг жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари иштирокида янги ўқув биносининг очилишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновация вазири Қўнғиротбой Шарипов, Андижон вилояти ҳокими Шуҳратбек Абдураҳмонов сўзга чиқди. Улар томонидан кейинги йилларда мамлакатимизда олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, мослаштирилган бинолар қуриш, мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишга қаратилган кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги, Андижон давлат университетида янги ўқув биносининг барпо этилиши ана шу йўналишдаги ишлардан бири эканлиги таъкидланди. 

[gallery-21832]

Университетнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан умумий лойиҳа қиймати 45 миллиард 444 миллион сўмга тенг, замонавий архитектурага эга, етти қаватли янги ўқув биноси Андижон вилоятидаги “426-ХИКМК” масъулияти чекланган жамияти қурувчилари томонидан барпо этилди. Янги бинода 15 та кенг ва қулай маърузалар зали, барча қулайликларга эга 24 та лаборатория, 17 та ўқув, 11 та энг сўнгги ахборот коммуникация технологиялари билан жиҳозланган компьютер хоналари, шунингдек, кутубхона, архив ҳамда ошхона мавжуд. Ўқув, лаборатория хоналари интерактив доскалар, замонавий ўқув жиҳозлари билан таъминланган. 

Тадбир иштирокчилари, меҳмонлар ўқув биносининг имкониятлари билан яқиндан танишди, илмий ва амалий дарслар учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган ўқув аудиториялар, фанлар лабораториялари талабалар учун нафақат билим олиш, балки инновацион ғояларни амалга ошириш имкониятларини кенгайтириш, университетнинг илм-фан соҳасида янада юқори марраларга эришишида муҳим роль ўйнаши айтиб ўтилди. 

Барча қулайликларга эга янги бинода университет талабаларининг халқаро андозалари даражасида билим олиши, малакали мутахассис бўлиб етишиши, профессор-ўқитувчиларнинг самарали иш олиб бориши учун кенг имкониятлар яратилган.

Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари