English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетда жамоатчилик кенгаши иш бошлади
11:58 / 2026-02-14

Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университети ҳузурида жамоатчилик кенгаши ташкил этилди.

Кенгаш жамоатчилик асосида университет фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, коррупцияга қарши курашишда жамоатчилик назоратини кучайтириш, жамоатчилик фикрини тизимли таҳлил қилиш, соғлом ва самарали ишчанлик муҳитини ривожлантириш каби вазифаларни амалга оширади. 

Давлат ва жамоат ташкилотлари, таълим муассасалари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан шакллантирилган кенгашнинг илк йиғилишида шу ҳақда атрофлича сўз юритилди. Фаолиятида холислик, очиқлик ва жамоатчилик манфаатларининг устуворлиги асосий тамойил сифатида белгилангани ва вазифалари тўғрисида фикр алмашилди.

Президентимизнинг 2024 йил 18 июлдаги “Термиз давлат муҳандислик ва агротехнологиялар университетини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ ташкил этилган мазкур олий таълим муассасасида бугунги кунда Сурхондарё вилояти иқтисодиётининг турли тармоқлари, жумладан, ишлаб чиқариш, муҳандислик, қишлоқ хўжалиги ва агротехнологиялар соҳалари учун замонавий билим ва кўникмаларга эга малакали мутахассислар тайёрланмоқда. Айни пайтда университетда 50 дан ортиқ бакалавриат ҳамда қарийб 30 та магистратура йўналишида ўн мингга яқин талаба таҳсил олмоқда. Уларга барча замонавий шароитлар яратилган ўқув даргоҳида 360 нафардан ортиқ профессор-ўқитувчи таълим бермоқда. Шунингдек, олийгоҳда Эрон, Афғонистон, Бангладеш, Тожикистон каби хорижий давлатлардан келган талабалар ҳам таҳсил олаётир.

Йиғилишда кенгаш аъзолари сафидан университет ректори тавсиясига асосан раис ва ўринбосари сайланди. Низоми тасдиқланди. Фаолият йўналишлари, иш тартиби, мақсад ва вазифалари белгилаб олинди.

Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази вилоят бўлими раҳбари, кенгаш аъзоси Зебунисо Алимардонованинг жамоатчилик назорати тўғрисидаги қонунчиликка бағишланган тақдимоти билан яқиндан танишди. 

Холмўмин Маматрайимов, ЎзА