Бугунги кунда олий таълим тизимини замонавий ахборот коммуникация технологияларининг ютуқларисиз тасаввур этиб бўлмайди. Жумладан, Наманган давлат техника университетида илмий ва инновацион ривожланиш борасида муҳим қадам ташланмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 22 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида олийгоҳда “Сунъий интеллект” илмий лабораториясини ташкил этиш бўйича йирик лойиҳа амалга оширилмоқда.

Ушбу лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг илғор тажрибаси асосида, “Huawei” компанияси ҳамда “Асакабанк” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда амалга оширилади. Лаборатория сунъий интеллект технологияларини ривожлантириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва инновацион тадқиқотларни қўллаб-қувватлашга қаратилган бўлиб, талабаларнинг назария билан амалиётни узвий боғлаш имконини беради, ёш тадқиқотчилар ва стартап ташаббуслари учун мустаҳкам илмий-амалий майдон яратади.

Истиқболли лойиҳа юзасидан Наманган вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Зуҳриддин Баҳриддинов, вилоят ҳокимининг рақамлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Шерзод Турсунов, вилоят олий таълим, фан ва инновациялар ҳудудий бошқармаси бошлиғи Абдулаҳад Ғаффоров, Наманган давлат техника университети ректори, профессор Ойбек Эргашев лаборатория жойлашадиган манзилда ўрганиш ва мувофиқлаштириш ишларини олиб борди.

– Мазкур лаборатория талабаларга назария билан амалиётни бирлаштириш имконини беради. У ерда улар ҳақиқий лойиҳалар устида ишлаш орқали ўз кўникмаларини мустаҳкамлайди. Қолаверса, лаборатория ёш тадқиқотчилар ва стартап ташаббуслари учун мустаҳкам илмий-амалий майдон бўлади, – дейди олийгоҳнинг илмий тадқиқотлар, инновациялар ва илмий-педагогик кадрлар тайёрлаш бўлими бошлиғи Шоҳрухмирзо Маҳсудов. – Сунъий интеллект соҳасида эришилган натижалар нафақат университет, балки бутун минтақавий инновацион экотизимга катта ҳисса қўшади. Асосий мақсад рақамли иқтисодиёт учун рақобатбардош, малакали кадрларни тайёрлаш.
Дарҳақиқат, янги ташаббус нафақат ҳудудда сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга хизмат қилади, балки талабаларнинг замонавий билим ва кўникмаларга эга бўлишини таъминлайди, илмий изланишлар ва инновацион ғояларни қўллаб-қувватлайди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.