Тошкент давлат юридик университетида университет бошқарувида академик ҳамжамият иштирокини тубдан кучайтиришга қаратилган муҳим жараён — Профессорлар кенгашига сайлов бўлиб ўтди.
Мазкур сайлов Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва илм-фанни янада ислоҳ қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижроси доирасида ташкил этилди. У олий таълим тизимида бошқарувнинг очиқ, шаффоф ва коллегиал моделини жорий этишга қаратилган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Фармонга мувофиқ, мамлакатимиз олий таълим муассасалари орасида илк бор Профессорлар кенгаши айнан Тошкент давлат юридик университетида ташкил этилди.
Профессорлар кенгашининг жорий этилиши университетни бошқаришда фақат маъмурий механизмларга таянишдан воз кечиб, академик фикр, илмий тажриба ва профессор-ўқитувчиларнинг масъулиятли позициясини қарорлар қабул қилиш жараёнига фаол жалб этишни назарда тутади. Бугунги кунда олий таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, академик эркинлик ва ҳалолликни таъминлаш масалалари профессор-ўқитувчиларнинг бевосита иштирокисиз самарали ҳал этилиши қийин экани яққол намоён бўлмоқда.
[gallery-27519]
Сайлов жараёни демократик тамойиллар асосида ташкил этилди. Университет кафедраларининг профессор-ўқитувчилари ҳамда тадқиқот марказлари илмий ходимлари ўз вакиллари орқали Профессорлар кенгаши аъзоларини сайлади. Бу эса академик ҳамжамиятнинг университет бошқарувидаги иштирокини формал эмас, балки реал ва амалий мазмун билан тўлдиришга хизмат қилади.
Профессорлар кенгашига бир қатор муҳим ваколатлар юклатилган. Жумладан, Кенгаш университетнинг ўрта ва узоқ муддатли стратегик ривожланиш дастурларини тасдиқлайди, илмий-тадқиқот фаолиятининг устувор йўналишларини белгилайди, академик ҳалоллик ва тадқиқот этикаси стандартларини қабул қилади ҳамда халқаро рейтингларда юқори ўринларни эгаллашга қаратилган мақсадли чора-тадбирларни ишлаб чиқади. Бу эса Профессорлар кенгашини шунчаки маслаҳат берувчи тузилма эмас, балки университетнинг академик сиёсатини шакллантирувчи муҳим бошқарув субъекти сифатида намоён этади.
Халқаро тажрибага назар ташланса, АҚШ, Буюк Британия ва Европа давлатларининг етакчи университетларида профессорлар кенгашлари ёки академик сенатлар олий таълим муассасалари бошқарув тизимида марказий ўрин тутади. Тошкент давлат юридик университетида Профессорлар кенгашининг ташкил этилиши ана шу илғор амалиётларни миллий олий таълим тизимига мослаштиришга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Қайд этилишича, ушбу сайлов жараёни Ўзбекистон Республикаси Конституциясида белгиланган олий таълим ташкилотларининг академик эркинлик, ўзини ўзи бошқариш ва илмий фаолият эркинлиги тамойилларининг амалий ифодасидир. Жараён университет тараққиётида янги босқични бошлаб бериб, уни замонавий, рақобатбардош ва халқаро стандартларга мос академик муассаса сифатида ривожлантиришга хизмат қилади.
Камола Юсупова, Аслиддин АЛИЖОНОВ (сурат), ЎзА