English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетда ўзбек тили байрами нишонланди
11:11 / 2025-10-21

Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида 21 октябрь — Ўзбек тили байрамига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтди.Унда университетнинг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирок этишди.

Байрам тадбирида университет ректори вазифасини вақтинча бажарувчи О.Дуйсенбаев, “Миллий тикланиш” демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси депутати Т. Романов ва бошқалар сўзга чиқиб, йиғилганларни ушбу қутлуғ сана билан қутлашди. Ўзбек тилининг бой тарихи, унинг маданиятимиз ва миллий қадриятларимизни сақлашдаги беқиёс аҳамияти ҳақида сўз юритишди. Шунингдек, давлат тили нафақат мулоқот воситаси, балки халқимизнинг маънавий бойлиги, мустақиллигимиз ва миллий бирлигимиз тимсоли эканини таъкидлашди. Ўзбек тилининг давлат тили сифатида жамият ҳаётида тутган ўрни, тил сиёсатини ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар, ёш авлодни она тилига муҳаббат руҳида тарбиялаш борасида қилинаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратишди. Шу билан бирга, бугунги кунда давлат тилининг нуфузи йилдан-йилга ортиб бораётганини, тилга ҳурмат миллатга ҳурмат эканини айтиб ўтишди.

Тадбирда университетнинг иқтидорли талабалари иштирокида қўшиқлар янгради, саҳна кўринишлари, мусиқий чиқишлар намойиш этилди. Ўзбек тили ва адабиёти йўналишидаги ёш ижодкорларнинг чиқишлари  тингловчиларда катта таассурот қолдирди.  

Байрам тадбири якунида олий таълим муассасаларининг талаба-ёшлари ўртасида ўтказилган “Оммавий диктант”  танлови ғолиблари тақдирланишди.

Довуд Абибуллаев,

ЎзА мухбири