Бухоро давлат университетида абитуриентлар, мактаб ва академик лицей битирувчилари ҳамда уларнинг ота-оналари учун анъанавий тарзда ташкил этиладиган “Очиқ эшиклар куни – 2026” тадбири бўлиб ўтди. Мазкур тадбир ёшларга олий таълим муассасасининг фаолияти, таълим йўналишлари ва талабалар учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишиш имкониятини берди.
Тадбир давомида иштирокчилар университетнинг ўқув бинолари, замонавий лабораториялари, ахборот-ресурс маркази, спорт ва маданий инфратузилмалари билан танишдилар. Шунингдек, университетда амалга оширилаётган таълим жараёни, илмий тадқиқотлар, халқаро ҳамкорлик дастурлари ҳамда талабалар учун яратилган имкониятлар ҳақида батафсил маълумотлар берилди.
Факультетлар бўйича ўтказилган тақдимотларда профессор-ўқитувчилар томонидан таълим жараёнининг ўзига хос жиҳатлари, кредит-модул тизими асосида ўқитиш, амалий машғулотлар ва талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиётлари ҳақида тушунтиришлар берилди. Абитуриентлар ўзларини қизиқтирган саволларга бевосита мутахассислардан жавоб олиш имкониятига эга бўлиб, бу эса тадбирнинг янада мазмунли ва самарали ўтишига хизмат қилди.
[gallery-28014]
“Очиқ эшиклар куни – 2026” доирасида университет ректори, иқтисодиёт фанлари доктори, профессор Обиджон Ҳамидов абитуриентлар, мактаб ва академик лицей битирувчилари билан самимий мулоқот ўтказди. Учрашув давомида ректор университетнинг бугунги нуфузи, таълим сифатини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар, мавжуд таълим йўналишлари ҳамда талабалар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида атрофлича маълумот берди.
– Бизнинг асосий мақсадимиз нафақат дипломли мутахассисларни, балки замонавий меҳнат бозорида ўз ўрнига эга бўла оладиган, рақобатбардош ва ташаббускор кадрларни тайёрлашдан иборат. Университетимиз эшиклари билимга чанқоқ, изланувчан ва янгиликка интилувчан ҳар бир ёш учун доимо очиқ, – дея таъкидлади Обиджон Ҳамидов.
Мулоқот давомида ёшлар университет ҳаёти, таълим жараёни, талабалар учун яратилган шароитлар ва келгусида амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар ҳақида ўзларини қизиқтирган саволларига бевосита ректордан жавоб олдилар. Шунингдек, мутахассислар томонидан 2026-2027 ўқув йили учун қабул тартиби, янги квоталар, фанлар мажмуаси, тест синовлари ҳамда абитуриентларга тақдим этиладиган имтиёзлар юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида иштирокчилар университет муҳити билан яқиндан танишиш, профессор-ўқитувчилар билан мулоқот қилиш ва ўз келажак касбини танлаш борасида муҳим маълумотларга эга бўлганликларини таъкидладилар. “Очиқ эшиклар куни – 2026” ёшлар учун тўғри касб танлашга йўл кўрсатувчи, очиқ ва самимий мулоқот майдонига айланди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири