Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетда матбуот анжумани
12:33 / 2023-07-07

Наманган давлат университетида оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида олийгоҳ фаолияти, ўқув йили якунлари ва янги 2023-2024 ўқув йили учун қабул жараёнлари ҳақида сўз юритилди.

Республика Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги бошқарма бошлиғи Акбар Эшмуродов ўз сўзида сўнгги йилларда битирувчи ёшларни олийгоҳларга қамраб олиш даражаси ошганлиги, яъни 2016 йилдаги 9 фоиздан 39 фоизга кўтарилганини таъкидлади. Бунинг натижасида юртимиздаги олий таълим муассасалари сони 210 тага етди, қолаверса хусусий сектордаги улуш 65 тани ташкил этмоқда.  

– Саксон йиллик тарихга эга бўлган Наманган давлат университети – молиявий ва академик мустақилликка эга бўлган республикадаги 41 олий ўқув юртидан бири ҳисобланади, – дейди ўқув ишлари бўйича проректор Дилшодбек Холматов. – Ҳозирда университетимизда 19  факультет, 46 кафедра фаолият олиб бориб, 67 таълим йўналиши ва 33 магистратура мутахассислиги бўйича олий маълумотли кадрлар тайёрланмоқда. Жорий ўқув йили олийгоҳни 3 минг 301 нафар талаба тамомлади. Битирувчиларнинг 2 минг 907 нафари Наманган вилоятида истиқомат қилади. Янги 2023-2024 ўқув йили учун қабул параметри бўйича умумий ҳисобда 2 минг 405 нафар абитуриент ўқишга қабул қилиниши режалаштирилган. Кунига қабул жараёни билан боғлиқ 100 дан зиёд мурожаат келиб тушмоқда, уларга малакали мутахассислар томонидан муносабат билдирилиб, зарур маслаҳатлар бериляпти. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, 2023-2024 ўқув йилидан университетнинг қабул квоталарида журналистика, профессионал таълим, компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари, сув биоресурслари ва аквакультура, дизайн ва графика каби бир неча янги таълим йўналишлари очилди.  

Айниқса, университетда 23 йиллик танаффусдан сўнг журналистика бўйича таълим йўналишини қайта тиклангани Фарғона водийси вилоятлари, хусусан наманганлик оммавий ахборот воситалари ходимлари учун узоқ кутилган янгилик бўлди. 2023/2024 ўқув йили магистратура мутахассисликлари учун эса 65 нафар абитуриентлар давлат гранти асосида, 140 нафар абитуриентлар эса тўлов-шартнома асосида талабаликка қабул қилиниши режалаштирилмоқда.  

Матбуот анжуманида журналистларнинг олий таълим муассасаларига қабул квоталари, имтиёзлар, университетда янги очилган йўналишлар ва бундан кутилаётган натижалар, ижодий имтиҳонларни ўтказиш билан боғлиқ саволларига масъуллар томонидан атрофлича жавоб қайтарилди.  

 

Оқилхон Дадабоев,  

ЎзА.