Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетда карьера куни
17:53 / 2023-05-12

Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалари ва битирувчиларининг бандлигини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида иш берувчилар билан ҳамкорликда “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси ўтказилди.

Бугунги кунда университетда 8481 нафар талаба таҳсил олади ва уларга 255 нафар профессор-ўқитувчилар сабоқ беряпти. Ҳозирда олийгоҳнинг илмий салоҳияти 55,3 фоизни ташкил этмоқда.  

– Университетда саноат, техника-технология, муҳандислик соҳалари учун олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш мақсадида 2022/2023 ўқув йилида янги 3 та бакалавриат таълим йўналишлари ва 4 та магистратура мутахассисликлари жорий этилди, – дейди университет ректори Бахтиёр Мардонов. – Бу ерда талабаларнинг ишлаб чиқариш амалиёти билан узвий боғлиқлигини таъминлаш мақсадида ҳафтада 4 кун таълим ва 2 кун “дуал таълим” тамойили асосида ишлаб чиқариш корхоналарида амалий ва тажриба машғулотларини ўтиш йўлга қўйилгани катта самара бермоқда.  

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, талабалар учун “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ, “Навоийазот” АЖ, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Навоийуран” ДК ва ҳудуддаги бошқа саноат корхоналари билан тузилган шартномалар асосида амалиёт даврида иш жойи билан таъминлаш ҳамда иш ҳақи тўланадиган амалиётлар ташкил этилди.  

– Мен “Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ таркибидаги 5-гидрометаллургия заводида амалиёт ўтадим, – дейди Кимё-металлургия ва кончилик факультети 4-босқич талабаси Шаҳзод Сувонов. – Бу ерда бириктирилган устозим ёрдамида ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишдим. Университетда олган назарий билимларимни амалиётда янада бойитдим. Университетда етакчи хорижий олий таълим муассасалари билан қўшма таълим дастурлари доирасида Испания, Россия, Беларусь, Украина, Тожикистон давлатлари университетлари билан 7 та таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликларида 2+2 ҳамда 1+1 шаклида қўшма таълим дастурлари жорий қилинган. Жорий йилда университетни 689 нафар бакалавр ҳамда 88 нафар магистр битирмоқда. Битирувчиларнинг 65,6 фоизи НКМК бўлимларида, 6,8 фоизи “Навоийуран” корхонасида, 27,5 фоизи бошқа корхона ва ташкилотларда амалиёт ўтаган. Уларнинг аксарияти ўзлари амалиёт ўтаган ишлаб чиқариш субъектларига ишга жойлашади.  

Абдували Бўриев, ЎзА