French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Университетда “Инклюзив таълим” илмий-амалий лабораторияси очилди
15:41 / 2023-12-19

Мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимида, жумладан олий таълим муассасаларида талабаларнинг инклюзив таълим олиши учун шароитлар ва имкониятлар яратиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида бугунги кунда 58 нафар ногиронлиги бўлган талабалар таълим олмоқда, шунингдек, ногиронлиги бўлган илмий тадқиқотчилар ҳамда профессор-ўқитувчилар фаолият олиб бормоқда.

Университет олимлари ва ёш тадқиқотчилари томонидан шу кунга қадар “Кўриш имконияти чекланган талабалар учун тилшунослик фанлари бўйича аудиокитоб таъминотини яратиш” давлат амалий гранти лойиҳаси доирасида “Ўзбек тили тарихи”, “Умумий тилшунослик”, “Матн лингвистикаси, “Социолингвистика”, “Психолингвистика”, “Ҳозирги ўзбек адабий тили” фанларининг “Фонетика”, “Лексикология”, “Синтаксис” бўлимларига оид ўқув адабиётларининг аудиокитоб шаклидаги нусхалари, мутахассислик фанлари бўйича курс иши, магистрлик диссертациясини ёзишга доир аудиокитоб шаклидаги услубий кўрсатмалар, тилшуносликка оид диссертация, монография ва мақолалар мазмунини акс эттирувчи аудио маълумотлар тўпламларидан иборат 14 номдаги аудио маҳсулот тайёрланди.  

Тайёрланган маҳсулотлар мамлакатимизнинг давлат кутубхоналари, таълим муассасалари, Ўзбекистон кўзи ожизлар жамияти, Кўзи ожизлар ахборот-ресурс марказлари, “ZiyoNET” портали ҳамда телеграм канали орқали фойдаланувчиларга тақдим этилди.  

Инклюзив таълим учун маҳсулотлар яратиш орқали алоҳида таълим эҳтиёжлари бўлган ўқувчилар ва талабалар учун ўқув-илмий адабиётлар ҳамда замонавий ахборот воситаларидан мустақил фойдаланиш имкониятини янада кенгайтириш мақсадида бугун университетда “Инклюзив таълим” илмий-амалий лабораторияси очилди.  

Ушбу лаборатория томонидан инновацион ёндашувлар ва технологиялар, замонавий тадқиқ усулларига асосланган инклюзив маҳсулотлар яратиш бўйича жаҳондаги илғор тажрибаларни ўзлаштириш, инклюзив таълим тизимида жисмоний имконияти чекланган ўқувчилар ва талабалар томонидан доимий фойдаланилиши учун зарур ва қулай ҳолатдаги ахборот манбалари ҳамда воситаларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш бўйича иш олиб борилиши кўзда тутилган. Шунингдек, интегратив таълим тизими учун мўлжалланган маҳсулотларнинг маълумотлар базасини кенгайтириш, ўқув-илмий адабиётлар ва махсус компьютер дастурларини яратишга доир лойиҳалар тайёрлаш, уларни амалга ошириш, бу борада республика ва хорижий давлатлардаги тажрибали мутахассислар билан ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга алоҳида эътибор қаратилган.  

Лабораториянинг очилиш маросими доирасида “Узлуксиз таълим тизимида инклюзив таълим: муаммо ва ечимлар” мавзусидаги илмий семинар ҳам ташкил этилди. Унда мутахассислар бу борада эришилган натижалар ва муаммоларга тўхталиб, уларнинг ечимига оид амалий таклифларни берди. Семинарда олий таълим тизимида инклюзив таълим имкониятлари, ногиронлиги бўлган шахслар ўқув фаолиятида “Инклюзив таълим” илмий-амалий лабораториясининг зарурати, инклюзив таълим асосида илмий тадқиқот олиб бориш муаммоларига оид маърузалар тингланди.  

Муҳокамалар жараёнида талабаларни умумий ўрта таълим мактабларида инклюзив ўқитишга тайёрлаш, инклюзив таълимнинг методик таъминотига кўмаклашиш, шунингдек, соҳани ривожлантиришда ҳамкорликка оид оид таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.  

Келгусида “Инклюзив таълим” илмий-амалий лабораторияси фаолияти натижалари интегратив таълим ресурслари таъминотига оид илмий-ижодий ёндашувлар ва таҳлил усулларини тизимли равишда амалиётга татбиқ этиш, инновацион технологиялар ёрдамида мазкур йўналишга доир тадқиқотлар кўламини кенгайтириш ва уларни мувофиқлаштиришда ўзига хос ўрин тутади.  

Н.Усмонова, ЎзА