Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг ўттиз тўрт йиллик байрами арафасида атроф‑муҳитни асраб‑авайлаш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш мақсадида “Обод ва файзли маҳалла – юрт кўрки” шиори остида юртимизда ўтказилган умумхалқ хайрия ҳашарида Андижон давлат университети жамоаси ҳам фаол иштирок этмоқда.
– Ҳашар халқимизнинг қадим ва ўзига хос қадриятларидан бири, – дейди Андижон давлат университети ректори Бахтиёржон Акбаралиев. – Шу боис ҳам ҳашарда жамоамизнинг жуда кўп аъзолари фаол иштирок этди. Ҳашарда байрам тантаналарига муносиб ҳозирлик кўриш, ҳудудларни ободонлаштириш, юртдошларимиз ўртасидаги ҳамжиҳатлик, меҳр-мурувватга муҳтож кишиларга кўмак бериш, юртни обод қилишдек эзгу саъй-ҳаракатлар ўз ифодасини топмоқда.
Ана шу хайрли жараёндан университет профессор-ўқитувчилари, ишчи ва мутахассислари ҳам четда қолгани йўқ. Ҳашарнинг биринчи кунида университет ҳудудидаги 800 дан ортиқ дарахтларга шакл берилди, оқланди. Ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давомида тўпланган чиқиндилар белгиланган жойларга чиқариб ташланди, 2 минг квадрат-метр майдондаги экин ерлари тартибга келтирилди, гуллар бегона ўтлардан тозаланди.
[gallery-24906]
Икки кун давом этадиган умумхалқ хайрия ҳашарида бинолар, уларнинг атрофлари тозаланди, дарахтларга шакл берилиб, оқланди, университет ҳудуди тўла тартибга келтирилди.
Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва она табиатни асраб-авайлаш мақсадида ўзаро ҳамжиҳатлик, аҳиллик, кўтаринки кайфият ва юқори уюшқоқлик билан ўтаётган ҳашар жамоани янада жипслаштирмоқда.
Ф. Убайдуллаев,
З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари