Университет ходимининг ғайриоддий тижорати
Ҳарвард тиббиёт мактаби ўликхонасининг собиқ раҳбари, 57 ёшли Седрик Лож АҚШда илмий тадқиқот учун мўлжалланган инсон танаси аъзоларини ўғирлаш ва ноқонуний сотишда гумонланиб ҳибсга олинди.
Тергов натижасида у беш йил давомида ўз жасадини фанга васият қилган одамлар организми бўлакларини ўғирлагани аниқланди. Университет ходими бош, мия, тери ва суяк сотган экан. Бу ҳақда “People” газетаси хабар берди.
Хайрия шартига кўра, ихтиёрий равишда топширилган тана тажриба якунлангач куйдирилиши, кўмилиши ёки оиласига қайтарилиши лозим эди. Лож эса гавда қисмларини олдинроқ қўлга киритган.
Айблов хулосасида айтилишича, жиноятчига рафиқаси ёрдам берган. Яъни, "маҳсулот"ни харидорларга ўн минглаб доллар эвазига жўнатган.
Масалан, Пенсильваниядан фақат биргина мижоз оилага уч йил давомида 37 000 доллардан кўп пул ўтказган. Айбланувчининг турмуш ўртоғи ҳам айбига иқрор бўлган. Унинг иши бўйича ҳали қарор қабул қилинмаган.